Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари инсониятга қарши қирғин жинояти – БМТ
Олам
−
11 Октябрь
3674БМТ суриштируви Исроилни ҲАМАС билан бир йиллик низо давомида Ғазодаги соғлиқни сақлаш тизимини атайлаб йўқ қилиш сиёсатини юритишда айблади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
“Исроилнинг қамал қилинган Фаластин анклавидаги ҳаракатлари қасддан одам ўлдириш, тиббиёт ходимларига ёмон муомала қилиш каби уруш жиноятларини ҳамда инсониятга қарши қирғин жиноятини ташкил этади”, дейилади БМТ баёнотида.
Шунингдек, Халқаро мустақил суриштирув комиссиясининг Фаластин ҳудуди, Шарқий Қуддус ва Исроил бўйича ҳисоботига кўра, Исроил хавфсизлик кучлари Ғазода атайлаб тиббиёт ходимларини ўлдирган, ҳибсга олган ва қийноққа солган, шунингдек, тиббий транспорт воситаларини ҳам нишонга олган.
“Исроил ҳужумлари оқибатида ёқилғи, озиқ-овқат, сув, дори-дармонлар ва тиббий буюмлари шифохоналарга етиб бормаган, шунингдек, беморларнинг даволаниш учун ҳудудни тарк этиш рухсатномалари кескин камайган”, дейилади ҳисоботда.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ушбу айбловларни “шармандали” деб атаб, буни “комиссиянинг Исроил давлатининг мавжудлигини делегитимизация қилиш борасидаги навбатдаги очиқ ҳаракати” деб изоҳлаган.
Бундан ташқари, Исроил ҲАМАС соғлиқни сақлаш муассасаларидан ўз ҳарбийларини яшириш, қурол-аслаҳаларни сақлаш, ҳужумлар уюштириш ва гаровга олинганларни яшириш учун фойдаланаётганини даъво қилади. ҲАМАС эса буни қайта-қайта рад этиб келади.
Шунингдек, БМТ ҳисоботида ҲАМАС ва бошқа Фаластин гуруҳларини Ғазода асир олинган исроилликларни қийноққа солиш, шафқатсиз муносабат ва жинсий зўравонлик каби жиноятларда айблади. Комиссия Исроил қамоқхоналаридаги Фаластин маҳбусларига нисбатан қийноқни ҳам текширган.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги маҳбусларга нисбатан кенг тарқалган ёмон муомала ва қийноқлар ҳақидаги айбловларни рад этиб, Исроилнинг маҳбусларга муносабатда халқаро ҳуқуқий меъёрларга тўлиқ риоя этишини даъво қилган.
24 саҳифалик ҳисобот ҳуқуқий кучга эга бўлмаса ҳам БМТнинг собиқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нави Пиллай ҳисобот билан бирга берган баёнотда Исроил Ғазодаги мисли кўрилмаган вайронокор ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиши зарурлигини таъкидлаган.
“Ушбу ҳужумлардан болалар айниқса катта зарар кўрди, хусусан, тўғридан-тўғри ва билвосита соғлиқни сақлаш тизимининг қулашидан азият чекишди”, дейди у.
Ҳисобот доирасида БМТ мутахассислари 5 ёшли фаластинлик қиз Ҳинд Ражабнинг ўлдирилишини ўрганган. У январь ойи охирида фавқулодда хизмат ходимларидан ўзини ва оиласини қутқариб қолишларини сўраган ёзуви пайдо бўлганидан кейин ОАВ сарлавҳаларидан ўрин эгаллаган. Уларнинг автомобили Исроил томонидан ўққа тутилган.
Қиз ҳали тирик пайтда воқеа жойига тез ёрдам машинаси етиб келганига қарамай, Исроил кучларининг борлиги ҳудудга киришни тўсган. Ражабнинг ва оила аъзоларининг жасадларини ҳодисадан 12 кун ўтибгина ўққа тутилган машинадан олиб чиқиш имкони туғилган.
Ҳисоботда Исроил армиясининг ҳудудда фаолият юритган 162-дивизияси ушбу оиланинг ўлими, бундан ташқари тез ёрдам машинасининг ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлган икки нафар шифокор учун ҳам айбдор экани етарли асослар билан аниқланган.
“Бу Ғазодаги соғлиқни сақлаш тизимига қилинган кўплаб ҳужумлардан фақат биттаси бўлиб, уруш даври шароитлари ичида амалга оширилган”, дейилади хабарда.
Ҳисобот БМТ Бош Ассамблеясига тўлиқ шаклда 30 октябрь куни тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг марказий Ғазода жойлашган мактабга ҳаво ҳужуми камида 28 кишини ўлдиргани ва яна ўнлаб одамларни яралагани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси