Исроилнинг Ғазодаги мактабга зарбаси оқибатида 28 киши ҳалок бўлди
Олам
−
10 Октябрь
1632Исроилнинг марказий Ғазода жойлашган мактабга ҳаво ҳужуми камида 28 кишини ўлдирди ва яна ўнлаб одамларни яралади. Бу ҳақда Фаластин Қизил Ярим Ой Жамиятига таяниб, CNN хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Рафида мактабига уюштирилган ҳужумда камида 54 фаластинлик яраланган ва 28 киши қурбон бўлган. Расмийлар ҳам ҳалок бўлганлар сонини тасдиқлаган.
Исроил армияси ҳар доимгидек мактаб мажмуасидаги “террорчилар”ни нишонга олганини ва бу ҳужумдан олдин фуқароларни ҳимоя қилиш учун бир қанча чоралар кўрилганини даъво қилган.
Бугун, 10 октябрь куни амалга оширилган зарба Ғазодаги мактабларга қилинган сўнгги ҳужумлардан бири бўлди. Ўтган ой ҳам Исроилнинг Ғазо шаҳри яқинидаги мактабга уюштирган зарбаси камида 22 кишини ўлдирган эди. Унда қурбон бўлганларнинг аксарияти аёллар ва болалар бўлган. Исроил ўша ҳужумда ҳам мактабга ҲАМАС аскарлари яширинганини даъво қилган.
Маҳаллий расмийларга кўра, август ойида Ғазо шаҳрининг шарқий қисмидаги кўчирилган одамлар бошпана топган Ал-Табиин мажмуасидаги мактаб ва масжидга қилинган ҳужумда 90 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Исроил ушбу ҳолатда ҳам зарбани тасдиқлаган ва унинг мақсади ҲАМАСнинг қўмондонлик постини нишонга олиш бўлганини ва ҳаракатнинг бир неча аъзолари ўлдирилганини даъво қилган.
Нашрга кўра, Исроил Ғазонинг айрим ҳудудларида ҳарбий операцияларни қайтадан бошлаган. Улар ҲАМАС тузилмаларига қарши ҳаракат қилаётганини айтиб, кўплаб маҳаллаларнинг оммавий эвакуациясини буюрган.
Маълумот учун, бугун, 10 октябрь куни Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги уруш бошланганидан бери 42 000 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг Ғазо секторидаги мактабга берган зарбаси оқибатида 100 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган эди.
LiveБарчаси