Исроил ҲАМАС билан келишувнинг иккинчи босқичидан бош тортди
Олам
−
01 Март
3703Исроил гаровга олинганлар бўйича келишувнинг иккинчи босқичига ўтишдан бош тортди. Бу ҳақда Ливаннинг “Al Mayadeen” телеканали Фаластин қаршилик ҳаракатининг исми ошкор этилмаган юқори мартабали вакилига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 27 февраль куни Миср пойтахти Қоҳирада Америка томони вакиллари, Қатар ва Исроилнинг икки делегацияси иштирокида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни якунлаш бўйича музокара бўлиб ўтган.
Фаластин томони музокаралар муваффақиятсизликка учрагани ва воситачилар Исроилни иккинчи босқичга ўтишга кўндира олмаганини маълум қилган. Исроил тўлиқ келишув пакети доирасидан ташқари ҳеч қандай маҳбусни топширмаслигини таъкидлаган.
Нашрга кўра, Исроил музокаралар бошланишини кечиктириб, келишув шартларини бузган ва биринчи босқични чўзишга ҳаракат қилмоқда.
“Биз Исроилнинг “шантаж” усулини рад этамиз ва фақат тўлиқ келишув доирасида гаровга олинганларни топширамиз”, дейди фаластинлик вакил.
Манбаларга кўра, бунгача ҲАМАС расмий равишда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни давом эттиришга тайёрлигини эълон қилган ва халқаро ҳамжамият Исроилга босим ўтказиб, уни келишувнинг иккинчи босқичига ўтишга кўндиришга чақирган эди.
Кеча, 28 февраль куни Исроилнинг N12 телеканали ҳукумат расмийсига таяниб, агар ҲАМАС 2 март куни яна бир нечта гаровга олинган шахсни озод қилса, Исроил ўт очиш режимини узайтиришга тайёрлигини хабар қилган. Телеканал, шунингдек, Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саарнинг “агар кўпроқ гаровга олинганлар қайтарилса, ўт очишни тўхтатиш муддатини узайтиришга тайёрмиз” деган сўзларини келтирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроил Ғазо секторидаги жангларни “ҳар қандай вақтда” қайта бошлашга тайёрлигини айтганди ва жанговар мақсадларига “музокаралар ёки бошқа воситалар орқали” эришишга ваъда берганди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
26 Март