Исроил зарбадан огоҳлантириб, Теҳрон аҳолисини эвакуацияга чақирди
Олам
−
18 Июнь 6500 2 дақиқа
Исроил армияси ҳарбий объектларга режалаштирилган зарба туфайли Эрон пойтахти Теҳрон аҳолисини шаҳарнинг жануби-шарқий қисмини зудлик билан тарк этишга чақирди. Бу ҳақда армия матбуот хизмати Х саҳифасида хабар берди.
“Яқин соатларда Исроил армияси охирги кунларда Теҳрон яқинида қилганидек, Эрон режимининг ҳарбий инфратузилмасига ҳужум қилиш учун ҳудудда ҳаракатга келади. Ҳурматли шаҳар аҳолиси, хавфсизлигингиз ва фаровонлигингиз учун Теҳроннинг 18-мавзесидаги кўрсатилган ҳудудни зудлик билан тарк этишингизни сўраймиз. Сизнинг бу ҳудудда бўлишингиз ҳаётингизни хавф остига қўяди”, дейилади унда.
16 июнь куни Исроил ҳарбийлари Эрон пойтахти марказида яшовчи 330 минг кишини қисман эвакуация қилишга буйруқ берди. 10 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ва Яқин Шарқдаги энг йирик шаҳарлардан бири бўлган Эрон пойтахти Теҳронда Исроил билан зиддият кучайган бир пайтда оммавий қочқинлар кузатилмоқда. Бир пайтлар гавжум бўлган шаҳар маркази 17 июнь куни эрталабдан бўшашни бошлади, кўплаб дўконлар ёпилди.
Метрополиядан ташқарига чиқадиган йўлларда бир неча километрлик тирбандликлар юзага келди, кўпчилик Каспий денгизи томон йўл олди. Ёқилғи қуйиш шохобчаларида аҳолининг тўлдиришга уриниши туфайли узун навбатлар пайдо бўлди ва эндиликда ҳар бир автомобиль учун 25 литр ёнилғи лимити жорий этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик ортидан Ўзбекистон фуқаролари ҳам Туркманистон орқали Эрондан эвакуация қилинганди. Бугунги кунга қадар Туркманистон давлат чегарасини назорат-ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Руминия ва бошқа давлатлар фуқароларидан иборат тахминан 120 киши кесиб ўтган. 16 июнь ҳолатига кўра, 30 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Эрон ҳудудидан Туркманистон ва Озарбайжон орқали муваффақиятли эвакуация қилинган.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь