Исроил вазири Туркияни бутунлай бойкот қилишга чақирди

Олам

image

Исроил Миллий хавфсизлик вазири, ўта ўнгчи “Оцма ехудит” (“Яҳудий кучи”) партияси раҳбари Итамар Бен-Гвир исроиллик футболчи Сагив Ехезкель Туркияда ҳибсга олинганидан кейин мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни “ҳақиқий нацист” деб атади ва исроилликларни Туркияни бойкот қилишга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг X (собиқ Twitter) саҳифасида ёзди.

“Туркия исроиллик ўйинчиларга ва умуман, исроиллик маъносига эга бўлган ҳамма нарсага нацизм асосида муносабатда бўлади. Эрдўған ҳақиқий нацист”, деб ёзган Бен-Гвир.

У исроилликларни Туркияга учмасликка, турк товарларини харид қилмасликка ёки уларни молиявий қўллаб-қувватламасликка чақирган. 

“Исроил давлати ва фуқаролари Туркияга нисбатан илтифот кўрсатмаслиги керак. Биз ўзимизни оёғости қилишларига йўл қўймаймиз”, дея қўшимча қилган вазир.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 январь куни футболчи Ехезкель “Анталияспор” - “Трабзонспор” учрашувида гол урганидан сўнг қўлидаги бандажда ёзилган “100 кун. 7.10” ёзувига ишора қилганди.

Бу ёзув 2023 йил 7 октябрда бошланган Фаластин-Исроил можаросининг 100-кунини англатади. Шундан сўнг, клуб директорлар кенгаши футболчини жамоа рўйхатидан чиқариб юборди. “Анталияспор” бу қарорини Ехезкель Туркиянинг миллий қадриятларига қарши ҳаракат қилгани билан изоҳлади.

Ехезкель ҳибсга олинганидан кейин унинг ҳаракатлари провокация эмаслигини айтди. Бугун, 15 январь куни Анталия прокуратураси Ехезкелни ҳибсдан озод қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил бойкот Итамар Бен-Гвир Сагив Ехезкель

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг