Исроил Илон Маск билан келишувга эришди
Олам
−
27 Ноябрь 2023
16836Америкалик миллиардер, бизнесмен ва Х ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск бугун, 27 ноябрь куни Исроилга борди. У Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ҳамроҳлигида ҲАМАСнинг 7 октябрь куни уюштирган ҳужуми оқибатида Исроилнинг энг кўп зарар кўрган аҳоли пунктларидан бири бўлган Кфар-Аза кибуцига ташриф буюрди. Бу ҳақда Исроил Бош вазири идораси хабар берди.
“Нетаньяху Маскга 7 октябрь куни кибуцдаги қирғиннинг даҳшатларини кўрсатди”, дейилади хабарда.
Маск эса ижтимоий тармоқдаги саҳифасида "Ҳаракатлар сўзлардан кўра баландроқ гапиради", дея ёзиб қолдирди.
Шунингдек, Исроил Алоқа вазири Шломо Кархи ва Илон Маск Ғазо секторида Starlink сунъий йўлдоши алоқаларидан фойдаланиш бўйича келишиб олгани хабар қилинди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу келишув натижасида Starlink қурилмалари Исроилда ҳам, Ғазо секторида ҳам ишлай олади.
Маълумот учун, Starlink юқори тезликдаги кенг полосали сунъий йўлдош интернетга киришни таъминлаш учун SpaceX томонидан жойлаштирилган глобал сунъий йўлдош тизими ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатида Фаластин анклавида алоқа узилганидан сўнг, Фаластин миллий маъмурияти Илон Маскнинг SpaceX компанияси билан Starlink сунъий йўлдошлари ёрдамида Ғазо секторида алоқани тиклаш бўйича музокаралар олиб бораётгани хабар қилинганди. Кейинчалик Маск сунъий йўлдош алоқа терминалларининг ҳеч бири АҚШ ва Исроил ҳукуматлари билан келишмасдан ёқилмаслигини айтди.
LiveБарчаси