Исроил Ғазода очликдан қурол сифатида фойдаланмоқда – HRW
Олам
−
19 Декабрь 2023
2642Исроил Ғазо секторида тинч аҳоли очлигидан қурол сифатида фойдаланмоқда. Бундай баҳо Нью-Йоркда жойлашган Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан берилди.
"Икки ойдан ортиқ вақт давомида Исроил Ғазо аҳолисини озиқ-овқат ва сувдан маҳрум қилиб келмоқда, бу Исроилнинг юқори мартабали амалдорлари томонидан қўзғатилган ёки маъқулланган уруш сиёсати ва тинч аҳолини очликдан ўлдириш ниятини акс эттиради", дейди HRW’нинг Исроил ва Фаластин бўйича эксперти Умар Шокир.
Ташкилот маълумотларига кўра, Исроилнинг юқори мартабали амалдорлари, жумладан, Мудофаа вазири Йоав Галлант, Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва Энергетика вазири Исраэль Кац Исроил кучлари томонидан олиб борилаётган сиёсатни акс эттирувчи Ғазо секторидаги тинч аҳолини озиқ-овқат, сув ва ёқилғидан маҳрум қилиш мақсадини билдириб, оммавий баёнотлар берган. Исроилнинг бошқа расмийлари эса Ғазога инсонпарварлик ёрдами ё ҲАМАС томонидан гаровга олинганларнинг озод этилишига ёки ҲАМАСнинг йўқ қилинишига боғлиқ бўлишини очиқ айтган.
HRW халқаро гуманитар ҳуқуқда фуқароларнинг очлигидан қурол сифатида фойдаланиш тақиқланганини ва яҳудий давлати 1949 йилги Женева конвенциясига кўра, уруш вақтида фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича анклавдаги тинч аҳолини озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлашга мажбур эканини таъкидлайди.
"Дунё етакчилари Ғазо халқи учун ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган бу даҳшатли уруш жиноятига қарши чиқишлари керак", дейди Шокир.
У Исроилни анклавга сув ва электр энергиясидан фойдаланиш имкониятини тиклашга ҳамда озиқ-овқат, тиббий ёрдам ва ёқилғини Ғазога, жумладан Керем Шалом ўтиш жойи орқали олиб ўтишга рухсат беришга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Human Rights Watch Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроил Ливан ва Ғазо секторига қарши ҳарбий амалиётлар чоғида оқ фосфор ишлатганини маълум қилганди.
LiveБарчаси