Исроил Ғазода гуманитар ташкилотлар фаолиятини чекламоқда
Олам
−
03 Январь 900 3 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилни ўнлаб халқаро гуманитар ташкилотларнинг лицензияларини бекор қилиш қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди. Гутеррешнинг сўзларига кўра, лицензияларини бекор қилиш Ғазо секторида сулҳ давомида эришилган нозик тараққиётга путур етказиши мумкин. Бу ҳақда “Detsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, аввалроқ Исроил ҳукумати “Чегара билмас шифокорлар” ва “Oxfam” каби 37 та халқаро гуманитар ташкилотга уларнинг лицензиялари 2026 йил 1 январдан бошлаб бекор қилиниши, 1 мартга қадар эса фаолиятини тўхтатиши лозимлиги ҳақида хабар берган. Расмийларга кўра, бунга ушбу нодавлат ташкилотларнинг янги талабларга риоя қилмагани сабаб бўлган.
Хусусан, Исроил ҳукумати улардан фаластинлик ходимларининг исмлари ва бошқа шахсий маълумотларини тақдим этишни талаб қилган. Исроилнинг Диаспора ишлари ва антисемитизмга қарши кураш вазири Амиҳай Шиклининг айтишича, агар ташкилотлар 1 мартга қадар аниқланган камчиликларни бартараф этса, уларнинг фаолиятини давом эттириш бўйича аризалари қайта кўриб чиқилиши мумкин.
“Oxfam” томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда 53 та халқаро нодавлат ташкилот Исроилни “рўйхатдан ўтказишни бекор қилиш жараёнини зудлик билан тўхтатишга ва гуманитар ёрдамга тўсқинлик қилаётган чораларни бекор қилишга” чақирган. Баёнот муаллифлари донор давлатларни бу мақсадда “мавжуд барча воситалардан фойдаланишга” ундаган.
Алоҳида баёнот билан чиққан “Чегара билмас шифокорлар” эса Исроил ҳукуматини Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилда ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилувчи “кинояли ва ҳисобланган уринишларда” айблаган ҳамда буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши, деб баҳолаган.
Маълумот ўрнида, ҳозирда кучли ёғингарчилик ва ҳаво ҳароратининг пасайиши туфайли Ғазо секторидаги гуманитар вазият янада оғирлашган. Шу муносабат билан Канада, Дания, Финляндия, Франция, Исландия, Япония, Норвегия, Швеция, Швейцария ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот билан чиқди.
Унга кўра, минтақада 1,3 миллион киши шошилинч бошпанага муҳтож. Тиббиёт муассасаларининг ярмидан кўпи ускуналар ва сарф материаллари танқислигини бошдан кечирмоқда. Инфратузилманинг деярли тўлиқ издан чиқиши эса 740 минг кишини канализация сувлари тошқини хавфи остида қолдирмоқда.
Баёнот муаллифлари Исроилни зудлик билан чоралар кўришга, жумладан, халқаро нодавлат ташкилотлар Ғазода “изчил ва олдиндан айтиб бўладиган асосда” фаолият юрита олишини таъминлашга чақирган. Бу чақириқлар БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA)га ҳам тааллуқли бўлиб, ушбу ташкилот ходимлари ҲАМАС билан алоқадорликда айблангач, 2025 йилдан бери Исроилдаги фаолияти қонунан тақиқланган.
Шунингдек, ўнта давлат Ташқи ишлар вазирлари Исроил ҳукуматини шошилинч тиббий асбоб-ускуналар ва уй-жой қурилиши материалларини ўз ичига олган “икки мақсадли товарлар” импортига қўйилган асоссиз чекловларни бекор қилишга чақирган. Улар Ғазо секторига гуманитар ёрдам оқимини кўпайтириш учун ўтиш пунктларини очиш зарурлигини ҳам таъкидлаган.
Live
Барчаси