Исроил Эроннинг ядровий объектларига зарба бермоқчи – CNN
Олам
−
21 Май
4655Исроил Эроннинг ядровий объектларига ҳарбий зарба беришга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда АҚШ разведкасига таяниб, CNN хабар берди.
Манбаларнинг таъкидлашича, Исроил ҳали якуний қарор қабул қилмаган, аммо уларнинг ҳаракатлари АҚШ–Эрон музокараларининг натижасига боғлиқ бўлади.
АҚШ расмийларига кўра, сўнгги ойлар ичида Исроил томонидан Эронга зарба бериш эҳтимоли сезиларли даражада ошган. Шу сабабли, АҚШ разведкаси Исроилга зарур ёрдам кўрсатишга тайёр туриш учун кузатув ва маълумот тўплаш ишларини кучайтирган.
Бироқ Трампга яқин манбаларнинг айтишича, агар Эрон томонидан жиддий провокация бўлмаса, АҚШ Исроилнинг ҳужумига бевосита ёрдам бермайди.
Агар Исроил зарба берса, бу – АҚШ ва Исроил ўртасидаги муносабатларнинг совушига олиб келиши, Яқин Шарқда катта ҳарбий можаро бошланиши ва Трампнинг дипломатик уринишларига зарар етказиши мумкин.
Шунингдек, “The New Yor Times” нашрининг ёзишича, Исроил 2025 йилнинг май ойида Эронга қарши ҳужумларни режалаштирган, аммо Трамп Эрон билан музокараларни бошлаганидан сўнг бу режадан вақтинча воз кечган. Бироқ Исроил ҳали ҳам келгуси ойлар ичида зарба бериш вариантини сақлаб қолган.
АҚШнинг собиқ разведка ходими Жонатан Паникоффнинг фикрича, Исроил мураккаб сиёсий босим остида қолган. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишувни истамаяпти, чунки бу Исроил манфаатларига зид деб ҳисобланмоқда. Шу билан бирга, у Трампнинг сиёсий кўмагини йўқотишни ҳам истамайди.
CNN бу борада изоҳ олиш учун АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ва Исроил Бош вазири девонхонаси билан боғланган, аммо ҳозирча расмий жавоб олмаган.
Маълумот учун, Трамп аввалроқ Эронга ядровий технология керак эмас, чунки у аллақачон нефтга бой, деган фикрни билдирган эди. Америка етакчиси республика ядро қуролига эга бўлишининг олдини олиш учун Эронга қарши “ҳалокатли зарба” беришга тайёрлигини ҳам қўчимча қилганди.
АҚШ ва Эрон Уммон воситачи сифатида Теҳрон ядровий дастури бўйича келишмовчиликларни бартараф этиш учун тўрт раунд музокара ўтказди. Улардан биринчиси 12 апрель куни Уммон пойтахти Маскатда, иккинчиси 19 апрель куни Римда, учинчи ва тўртинчиси 26 апрель ва яна 11 май куни Уммон пойтахтида бўлиб ўтди. Маслаҳатлашувларда Эрон делегациясига Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, Америка делегациясига эса Президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф бошчилик қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари раҳбарияти билан учрашувда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг куч ишлатиш таҳдидига қарамай, Теҳрон Вашингтон билан музокараларни давом эттириши, аммо тинч ядровий энергияни ривожлантириш ҳуқуқидан ҳеч қачон воз кечмаслиги ҳақида гапирган эди.
LiveБарчаси