Исроил Эрон таҳдиди туфайли 28 та элчихонасини ёпди – ОАВ
Олам
−
05 Апрель
8259Исроил ҳукумати Эрон таҳдиди туфайли дунё бўйлаб 28 та дипломатик ваколатхонасининг фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда “Sky News Arabiya” канали хабар берди.
Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, кеча, 4 апрель куни Эроннинг кутилаётган жавоб ҳужумига "мисли кўрилмаган тайёргарлик" доирасида Исроил Ташқи ишлар вазирлиги хавфсизлик расмийлари билан маслаҳатлашган ҳолда дунё бўйлаб бир қатор элчихоналарини эвакуация қилишга қарор қилган.
Бундан олдин эса Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэль Хагари Исроил ҳарбийлари барча жабҳаларда воқеалар ривожига юқори даражада шай эканини айтган.
У CNN телеканалига берган интервьюсида зарба Дамашқдаги консулликка эмас, Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий иншоотига қаратилганини таъкидлади. Унинг иддаосига кўра, бу иншоот фуқаролик биноси сифатида ниқобланган.
Маълумот учун, 1 апрель куни Исроил F-35 қирувчи самолётлари ёрдамида Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига 6 марта ракета ҳужуми уюштирган. Ҳужум оқибатида 13 киши, шу жумладан генераллар Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Муҳаммад Ҳоди Ҳаж Раҳимий ҳалок бўлди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Исроилнинг Эрон консуллиги биносига уюштирган ҳаво ҳужумини кескин қоралаганди. БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида эса БМТ ва баъзи аъзо давлатлар ҳужумни қоралаган бир пайтда АҚШ Эронни Исроил ва Америка нишонларига ҳужум қилишда айблаганди. Олдинроқ АҚШ Марказий разведка бошқармаси Эрон 48 соат ичида Исроилга кучли зарба беришини тахмин қилди.
LiveБарчаси