БМТ Эрон консуллигига ҳужумни қоралади, АҚШ эса Теҳронни айблади
Олам
−
03 Апрель
6280БМТ ва баъзи аъзо давлатлар 1 апрель куни Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳаво ҳужумини қоралади. Айни пайтда АҚШ Эронни Исроил ва Америка нишонларига ҳужум қилишда айблади. Давлатларнинг бундай позициялари Россия талаби билан чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида билдирилди.
Йиғилишда сўзга чиққан БМТ Бош котибининг Яқин Шарқ, Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича ўринбосари Муҳаммад Холид Хиари Эрон ҳам БМТ Бош котибиятига, ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашига мактуб йўллаб, дипломатик миссияга ҳужум қилингани ҳақида хабар берганини айтди.
“ОАВ маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида 13 нафар Эрон фуқароси, шунингдек, олти нафар суриялик ҳалок бўлган. Мен Бош котибнинг баёнотини такрорлайман ва бу ҳужумни қоралайман”, дейди у.
Хиари дипломатик объектлар ва ходимлар халқаро қонунларга мувофиқ ҳимоя қилиниши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, у давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат кўрсатиш зарурлигини урғулади. БМТ Бош котиби ўринбосари қоидаларга асосланган халқаро тартиб халқаро тинчлик ва хавфсизликнинг калити эканини айтди.
У Исроилнинг Суриядаги Эрон билан боғлиқ нишонларга зарбалар берганига эътибор қаратди.
“Жорий йилда 12 та шундай ҳужум содир этилган. Исроил воқеалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди, лекин Сурияда ҳарбий амалиётлар олиб бораётганини тан олади. Биз бугун Кенгашни барча тегишли томонлар билан ҳамкорлик қилишга ва кескинлашувнинг олдини олишга чақирамиз. Агар сиз бирдамлик кўрсатмасангиз, кейинги мақсад ҳар қандай давлатнинг дипломатик ваколатхонаси бўлиши мумкин", деди Хиари.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя эса БМТ Хавфсизлик Кенгашининг аввалроқ қабул қилинган ўт очишни тўхтатиш талаби бўйича резолюциясига зид равишда Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари давом этаётганини, Россия бундан ниҳоятда хавотирда эканини айтди.
“Биз Исроил раҳбариятининг Қўшма Штатлар билан келишилган ҳолда Кенгашнинг қонуний кучга кирган қарорини очиқдан-очиқ эътиборсиз қолдирганидан жуда хавотирдамиз. Бунга мисол қилиб, Исроилнинг World Central Kitchen ходимларининг ўлдирилишини келтириш мумкин”, дейди Небензя.
Дипломатнинг қайд этишича, Исроилнинг яна бир масъулиятсиз ҳаракати Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига қилинган ҳужумдир. Небензя бу Исроилнинг аҳоли зич жойлашган Сурия ҳудудига биринчи марта зарба бераётгани эмаслигига эътибор қаратди ва халқаро ҳамжамиятни ҳужумларни қоралашга чақирди.
“Мен Кенгаш аъзоларининг бирдамлигига ишонаман. Агар биз бирдамлик кўрсатмасак, кейинги нишон исталган давлатнинг дипломатик ваколатхонаси бўлиши мумкин”, дея таъкидлаган дипломат.
Хитойнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Гэнг Шуанг ҳам Ғазо секторида можаро бошланганидан буён уйлар, мактаблар, шифохоналар, гуманитар ёрдам муассасалари ва БМТ агентликларига ҳужумлар уюштирилганини, бугун эса дипломатик муассаса ҳужумга учраганини эслатди.
“Халқаро ҳуқуқ ва халқаро муносабатларнинг асосий тамойилларининг қизил чизиқлари бир неча бор бузилган”, дейди Хитой вакили.
Дипломат Хитой ҳужумни кескин қоралашини таъкидлаб, Исроилга таъсири бўлган давлатларни конструктив роль ўйнашга ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга ва Яқин Шарқда барқарорликни таъминлашга чақирди.
Ўз навбатида, Жазоирнинг БМТдаги доимий вакили Амар Бенжама провокацион ҳаракатларга қатъий қарши туриш зарурлигини таъкидлади.
"Ўзини халқаро ҳуқуқдан устун деб билган Исроил бу ҳужум билан нимага эришмоқчи бўлаётгани аниқ", дея таъкидлади у Тель-Авивни халқаро тартиб учун хавф яратишда айблаб.
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Роберт Вуд эса Сурияда кеча содир этилган ҳужумга АҚШнинг алоқаси йўқлигини ва бу ҳақда олдиндан билмаганини таъкидлади.
“Биз ҳужум ҳақида маълумот тўплашда давом этамиз. Бироқ, бир нарса аниқ: Эрон ва унинг ҳамкорлари минтақада кескинликни кучайтирмаслиги керак”, дейди АҚШ вакили.
Вуд дипломатик ваколатхоналар ҳужумлар пайтида ҳимоя қилиниши кераклигини таъкидлади.
“Террор ташкилоти етакчилари кўрсатилган объектда бўлгани ҳақидаги хабардан хавотирдамиз. Биз Эроннинг террорчилар ва экстремистлар билан давом этаётган мувофиқлаштиришини қоралаймиз”, дея таъкидлаган дипломат.
Шунингдек, АҚШ вакили WCK конвойига қилинган ҳужумдан афсусда эканлигини билдирди.
"Ушбу воқеа Исроилнинг Ғазо секторидаги инсонпарварлик ходимлари ва объектларини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини кўрсатади", дея қўшимча қилди у.
Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонасининг Муваққат ишлар вакили Заҳра Аршади БМТ Хавфсизлик кенгашини Эроннинг Дамашқдаги консуллигига қилинган ҳужумни кескин қоралашга чақирди. Унинг таъкидлашича, Исроилнинг беқарорлаштирувчи ва масъулиятсиз ҳаракатлари минтақавий ва халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солмоқда.
“Исроил кескинликни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда, чунки бунинг учун жазоланмаяпти. У тинч аҳолини ўлдиришдан, очликни уруш қуроли сифатида қўллашдан тийилмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам апартеид, этник тозалаш, геноцид ва ҳарбий мақсадларга эришиш учун ўз ваколатидан ноқонуний фойдаланади”, деган Аршади.
Унинг сўзларига кўра, Эрон вазминлик билан ҳаракат қилади, лекин ҳамма нарсанинг чегараси бор. Дипломат Теҳрон халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига мувофиқ жавоб бериш учун қонуний ҳуқуқларини сақлаб қолишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эроннинг Дамашқдаги элчиси Ҳусайн Акбарий унинг мамлакати Исроилга "тез, тўғридан тўғри ва қатъий" жавоб қайтаришини айтганди. У Исроил F-35 қирувчи самолётлари ёрдамида Эрон консуллиги биносига 6 марта ракета ҳужуми уюштирганини маълум қилди. Ўзбекистон Исроилнинг Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирган ҳаво ҳужумини кескин қоралади.