Исроил Эрон билан урушга 15 йил тайёрланган – ОАВ
Олам
−
28 Июнь 8421 2 дақиқа
Исроил 2010 йилдан буён Эроннинг ядровий дастурини диққат билан кузатиб келган ва бунга қарши ҳарбий операцияга тайёргарлик кўрган. Бу ҳақда Исроил разведкаси ҳужжатларига таяниб, Британиянинг “The Times” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2010 йилда Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқиш ишлари тезлашгани аниқланган ва айнан ўша йили биринчи эронлик ядрочи олим йўқ қилинган. Кейинчалик бошқа мутахассислар ҳам нишонга олинган.
Исроил разведкаси “Моссад” агентлари орқали Эроннинг ядро ва ҳарбий объектларига кириб боришга муваффақ бўлган, шу жумладан Эроннинг “Исломий инқилоб муҳофизлари корпуси” ичига ҳам кирган. Бу эса зарурий разведка маълумотларини йиғишга ва аниқ ҳужум режалари тузишга имкон берган. Улар Эроннинг ядровий дастури фақат Фордо, Натанз ва Исфаҳон билан чекланмаслигини аниқлаган.
Америка Қўшма Штатлари Фордодаги ядро иншоотларининг ерости қисмларини бункерни ёрувчи бомбалар ёрдамида йўқ қилган. Шунингдек, АҚШ Натанз ва Исфаҳондаги объектларга ҳам зарба берган. Исроил эса бошқа жойлардаги лабораториялар, ҳисоблаш марказлари, ишлаб чиқариш майдонлари, ангарлар ва бошқа муҳим иншоотларга зарбалар йўллаган.
Бундан ташқари, Исроил Эронда узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришга оид объектларни ҳам нишонга олган. “Моссад” агентлари бу объектларга ҳам кириб боришга муваффақ бўлган. Маълумотларга кўра, Эрон ҳар ой ўнлаб ракеталар ишлаб чиқармоқчи бўлган ва бу орқали йилига 1000 та ракета ишлаб чиқаришни, жами 8000 донадан иборат захира яратишни режалаштирган.
Уруш 13 июндан 24 июнгача давом этди. Аввалига Исроил Эрон ҳудудига зарба берди, бунга жавобан Эрон ҳам Исроилни нишонга олди. 22 июнга ўтар кечаси АҚШ можарога аралашди ва Эрондаги ядро объектларини қулатди. Кейинги куни Эрон Қатардаги АҚШ ҳарбий базасига зарба берди.
Ушбу урушдан олдин АҚШ ва Эрон янги ядровий битим юзасидан музокаралар олиб бораётган эди. Исроил эса Теҳроннинг ядровий қуролга яқинлашгани боис операцияни бошлаганини билдирган. Вашингтон ҳам шундай фикрни баён қилган. Эрон эса ядро қуролини яратмоқчи эмаслигини, бироқ тинч атом дастурига ҳақли эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 28 июнь куни Исроил томонидан 13 июнь куни уюштирилган ҳужумларда ҳалок бўлган 60 нафар эронлик, жумладан, юқори мартабали ҳарбийлар, ядровий олимлар ва тинч аҳоли учун Теҳронда видолашув маросими бўлиб ўтганди. Маросимда оломон қўлларида қора байроқ ва баннерлар кўтариб, вақти-вақти билан Америка ва Исроилга қарши шиорлар айтган.
Live
Барчаси