Исроил Дамашқ ва Ҳалаб аэропортларига зарба берди – ОАВ
Олам
−
22 Октябрь 2023
12816Исроил мудофаа кучлари Дамашқ ва Ҳалаб аэропортларининг учиш-қўниш йўлакларига ракета ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда Сурия армиясига таяниб, SANA агентлиги хабар берди.
“Бугун эрталаб тахминан соат 05:25 да Исроил мудофаа кучлари бир вақтнинг ўзида Ўртаер денгизи ғарбидаги Латакия ва босиб олинган Голан шаҳридан Дамашқ ва Ҳалаб халқаро аэропортларига зарба берди. Икки аэропортнинг учиш-қўниш йўлакларига катта зиён етказилиши уларнинг фаолиятини чеклаб қўйди”, дейилади баёнотда.
Исроил мудофаа кучлари вакиллари эса ҳозирча бу маълумотга изоҳ бермаган. Агентликнинг қўшимча қилишича, ҳозирда юқоридаги аэропортлардаги мунтазам рейслар Латакия аэропортига йўналтирилган.
Эслатиб ўтамиз, 11 октябрь куни Исроил мудофаа кучлари Суриядан мамлакатга бир неча марта ракета ҳужуми уюштирилганини эълон қилганди. “Le Beck” Яқин Шарқ маркази экспертлари эса Исроил бешта фронтда жангга кириши мумкинлигини прогноз қилганди. Улар фронтлардан бири Сурия билан бўлишини айтганди.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.