Исроил АҚШнинг Саудия билан тузган ядровий келишувидан хавотирда – ОАВ
Олам
−
23 июл 2988 2 дақиқа
АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида подшоҳликда Америка технологиялари асосида ядро реакторлари қуриш ҳамда уранни бойитишга рухсат берувчи келишув Исроилда Яқин Шарқда қуролланиш пойгаси бошланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 22 июль куни эълон қилинган ва ҳали ҳам АҚШ Конгресси тасдиғидан ўтиши лозим бўлган келишув Саудияга фуқаровий ядро дастурини ривожлантириш имконини беришга қаратилган.
Бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳамда унинг Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирлари ҳозирча ушбу келишув юзасидан изоҳ бермаган. Танқидчилар эса мазкур келишув Исроилнинг узоқ муддатли хавфсизлик манфаатларига путур етказишини айтмоқда.
“Исроилни четлаб ўтиб Саудия билан тузилаётган ядровий келишув жиддий стратегик муваффақиятсизлик бўлиб, хавфсизлигимизга таҳдид солади”, деган 27 октябрда бўлиб ўтадиган сайловларда Нетаньяхуни мағлуб этишга интилаётган собиқ бош вазир Нафтали Беннет.
“Саудия ҳудудида уранни бойитиш имконияти пайдо бўлиши минтақада ядровий пойгага ва хавфли даражада назорат йўқолишига олиб келиши мумкин”, дея қўшимча қилган у.
Собиқ мудофаа вазири Авигдор Либерман эса Саудиядаги фуқаровий ядро дастури охир-оқибат ядро қуролига айланиши ва бутун Яқин Шарқ бўйлаб ақл бовар қилмас қуролланиш пойгасига сабаб бўлишини айтган. Шунингдек, у минтақадаги ягона ядровий арсеналга эга давлат деб ҳисобланадиган Исроил мазкур келишувга қарши чиқиши ва уни тўхтатиш учун Конгрессга босим ўтказиши кераклигини таъкидлаган.
Нашрнинг қайд этишича, Саудия билан фуқаровий ядро соҳасидаги келишув ғояси АҚШ Президенти Дональд Трампнинг биринчи маъмурияти даврида ҳам, собиқ президент Жо Байден маъмурияти даврида ҳам бир неча йил давомида муҳокама қилинган. Бироқ ҳозиргача ҳеч қандай келишувга эришилмаган эди. Бунга, жумладан, ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш бўйича ташкилотларнинг Саудияга ядро қуроли яратиш йўлини очиб бериши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришлари сабаб бўлган.
Исроилликлар бундай келишув Байден режасида назарда тутилганидек, Исроил ва Саудия ўртасида узоқ кутилган муносабатларни нормаллаштириш келишувининг бир қисми сифатида амалга ошишидан умид қилган эди.
“Саудияга фуқаровий ядро имкониятларини бериш, бу жараённи минтақадаги мўътадил давлатлар иттифоқини шакллантириш билан боғламасдан туриб амалга ошириш Исроил хавфсизлиги учун фойдали қадам деб айтадиган бирорта ҳам хавфсизлик амалдори йўқ”, деган Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Бенни Ганц.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Саудия Арабистонида ядровий фуқаролик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 30 йиллик битимни маъқуллагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси