Исроил ҲАМАСга қарши операция учун ҳар куни 260 млн доллар сарфламоқда – Bloomberg

Олам

image

Исроилнинг ҲАМАСга қарши ҳарбий ҳаракатлари яҳудий давлатига ҳар куни 260 миллион долларга тушмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Маълум қилинишича, можаро Исроил учун дастлаб кутилганидан кўра қимматга тушмоқда, бу эса давлат бюджетига катта юк бўлмоқда. Биргина октябрь ойи давомида бюджет тақчиллиги ўтган йилга нисбатан етти баробардан кўпроққа ошган. 

Нашрнинг қўшимча қилишича, Ливан, Эрон ёки Яманнинг тўлиқ иштирокисиз жанговар ҳаракатлар яна 8 ойдан 12 ойгача давом этиши, Исроилнинг йил давомидаги ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг тахминан 10 фоизини ташкил қилади.

Исроилнинг “Calcalist” иқтисодий газетаси тақдим этган ҳисоб-китобларга кўра, Исроилнинг Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёти, агар 2024 йил охиригача давом этса, барча ҳаражатлар мамлакатга 200 миллиард шекел (тахминан 51 миллиард доллар)га тушиши мумкин. 

Фаластин-Исроил можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

бюджет ЯИМ Фаластин-Исроил бюджет тақчиллиги ҲАМАС Ғазо сектори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг