Исломобод ва Москва Афғонистон бўйича ҳамкорлик қилади 

Олам 7404
image

Покистон ва Россия Афғонистондаги вазият бўйича кенгайтирилган “учлик” доирасида уйғун ҳамкорликни йўлга қўйди, зарур ҳолатда томонлар махсус хизматларнинг алоқаларини фаоллаштириши мумкин. Бу ҳақда Покистоннинг Россиядаги элчиси Шафкат Али Хон маълум қилди.  

“Биз Россия билан аъло даражадаги ҳамкорликни йўлга қўйдик, бу умумий манфаатлар нуқтаи назаридан тўлиқ уйғунлик. Шунингдек, бу сўнгги ўн йилликларда икки томонлама муносабатларимизнинг ижобий эволюцияси туфайли содир бўлди. Агар инқироз бўлса, биз келиша оламиз”, деган элчи. 

Шафкат Али Хонга кўра, томонлар ўртасида махсус хизматлар орқали ҳам жуда яхши мулоқот йўлга қўйилган. 

“Биз мунтазам алоқа каналларини ўрнатдик. Бу алоқалар жуда самарали ривожланмоқда. Агар зарурат туғилса, бу алоқалар ва шериклик табиий равишда кучаяди”, деган элчи. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон” вакили Забиҳулла Мужоҳид бўйсунмаётган Панжшер вилояти тўлиқ ҳаракат назорати остига ўтгани ҳамда Афғонистонда уруш бутунлай якунланганини эълон қилганди. Шундан сўнг, Афғонистон шимолида жойлашган Панжшер вилоятидаги Миллий қаршилик фронти лидери Аҳмад Масъуд Панжшерни эгаллашда “Толибон”га чет эл қўшинлари ёрдам берганини таъкидлаганди.  

Қайд этиш керакки, ОАВда “Толибон” Афғонистондаги энг йирик ҳарбий база — Баграмни Хитойга, бундан ташқари Қандаҳордаги аэродромни Покистонга бериши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Толиблар ушбу икки давлат билан ҳам жуда яқин алоқада.

Афғонистондаги вазият

АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузулганини эълон қилди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 162
Рейтинг: 2.9
t
×