Ислом Каримов номидаги университетнинг яна бир филиали ташкил этилади

Жамият

image

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Нукус филиали ташкил этилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қорақалпоғистон республикаси Вазирлар Кенгашининг Нукус шаҳрида Тошкент давлат техника университетининг Нукус филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Филиал Тошкент давлат техника университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисоб варақларига эга бўлади.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

кончилик иши, кончилик электр механикаси, электр энергетикаси, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришларни автоматлаштириш ва бошқариш, машинасозлик технологияси ва машинасозлик ишлаб чиқаришини автоматлаштириш йўналишлари бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

талабалар амалиётини Тебинбулоқ кон негизидаги кон-металлургия комплексида ташкил этиш ва уларга ишлаш имкониятини яратиш;

хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан, жумладан, кон-металлургия соҳасида Россия Федерациясининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида малакали кадрлар тайёрлаш;

кон-металлургия соҳасининг барча йўналишлари бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, корхоналарнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган инновацион тадқиқотларни фаол ривожлантириш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаларидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

Филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ қилиш;

вебинар таълим усулларини жорий этиш ва ривожлантириш.

Белгиланишича, Филиалда ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

•    Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

•    тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

•    хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

•    жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

•    халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

•    қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилишича:

Филиални сақлаш харажатлари 2020 йилда “Маориф” соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;

Филиалнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситаларини харид қилиш) ишлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.

Маълумот учун, бугунги кунда Олмалиқ, Термиз ва Қўқон шаҳарларида Тошкент давлат техника университетининг филиаллари фаолият юритади.


Мақола муаллифи

Теглар

Нукус филиал Техника университети

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг