Адолатга эришган Ислом Исмоилов
Таҳлил
−
23 Апрель
9775Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Ислом Исмоилов ўз шогирдлари билан Осиёда тенгсиз бўлди. Бу натижага эришиш учун албатта, тинимсиз меҳнат қилинган, ҳар бир футболчи устида ишланган. Аммо Ислом Исмоиловни кўпчилик мухлис ва мутахассислар бундан бир неча йиллар олдин “Турон” клубидаги фаолияти ҳамда ўша машҳур интервьюси орқали эслаб қолган.
Адолат истаган ва унга эришган Исмоилов
Ислом Исмоилов Ўзбекистон футболидаги адолатни қарор топтиришда энг кўп меҳнат қилган мутахассислардан бири. Айниқса, ўзбек футболида бу учун анча тер тўкди. Исмоиловнинг “Турон” клубидаги фаолияти ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Суперлига доирасидаги учрашувда “Турон” “Сўғдиёна” меҳмони бўлади ва ўшанда бош ҳакамнинг адолатсиз чиқарган қарорлари мутахассиснинг кескин норозилигига сабаб бўлди. У бу воқеадан бир неча йил ўтиб, яна бир марта ҳакамларнинг адолатсизлигига гувоҳ бўлди. Бу ҳақда сал кейинроқ. Ўйиндан кейинги тезкор интервью вақтида у ичидаги бор дард-аламини тўкиб сочди. Ҳакамлар маркази раҳбарларидан тортиб, чемпионат, мамлакат футбол мансабдорларидан ушбу вазиятга ечим топишни талаб қилди. Ҳакамларнинг адолатсиз қарорларидан тўйган Исмоилов ҳаттоки футбол оламини тарк этишга қарор қилмоқчи бўлгани ҳақида бир нечта интервьюларида айтган.
“Бўлиб ўтган воқеалардан кейин мураббийлик фаолиятимни якунлаш ҳақида ҳам ўйлаганман. Ўзимда шижоат кўрмаган вақтларим ҳам бўлган. Аммо бир қанча клублардан яхши таклифлар ҳам бўлган, лекин мен унақа жойларда ишлашни хоҳламадим. Мураббийлик фаолиятимда бирор марта тотализаторга аралашмаганман, ўйинларни сотмаганман. Мен учун энг муҳим нарса адолат”, дейди Исмоилов.
Ҳужумкор футбол
Ислом Исмоилов Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини қабул қилиб олишидан аввал ҳам ҳужумкор футбол тарафдори эканлигини, “Турон” клубидаги фаолияти айтиб турибди. Яйпан шаҳри жамоасида ҳам у ҳужумкор футболни тарғиб этган. Унинг майдондаги шиори энг яхши ҳимоя –ҳужум. Исмоилов интервьюларидан бирида ҳужумкор тактика, балки хато бўлгани, футболчиларнинг даражаси бунга қодирлиги ҳақида гапирган эди.
“Керагидан ортиқ ҳужумкор футболни танлаганим хато бўлдимикан, деб ўйлаб қолардим. Жамоамиздаги ўйинчиларнинг даражаси унча юқори эмасди, аммо Суперлига даражасидаги футболчилар ҳам бор эди. Лекин ҳеч қачон мен шогирдларимга умуман ҳужумга ўтмаймиз, 90 дақиқа ҳимояланамиз деб вазифа бермаганман”, дейди Исмоилов.
Клублар миқёсидаги фаолиятидан кейин Ислом Исмоилов Ўзбекистоннинг бир қанча ёш тоифасидаги терма жамоаларида фаолият юрита бошлади. Айнан 17 ёшгача бўлган футболчилардан иборат ушбу жамоани у 3 йил олдин қабул қилиб олди ва Осиё кубоги учун тайёрлаб борди. Ўзи маъқул кўрган ҳужумкор футболни ушбу жамоага ҳам сингдира олди. Орадан вақт ўтиб, у ҳужумкор футбол билан Осиёни маҳв этди. Осиё кубогида ўз шогирдлари билан мана шундай юқори ҳужумкор футбол намойиш этган ҳолда турнир давомида бирорта мағлубиятга учрамай ғолибликни қўлга киритди. Мусобақа давомида Таиланд, Хитой, Саудия Арабистони, БАА, Шимолий Корея ва финалда яна бир марта Саудия Арабистонини мағлуб этди. Ҳужумкор футбол кўрсатиш керак деб, ҳимояни эсдан чиқармаган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси турнир давомида 6 та ўйинда бор йўғи 3 дона гол ўтказиб юборди.
Бу эса Исмоиловнинг ҳимояни эсдан чиқармаган ҳужумкор тактикаси нақадар мукаммал ишланганидан далолат беради. Айниқса, финалда Саудия Арабистонига қарши ўйинда биринчи таймда икки киши кам бўлиб қолгани ва шундан кейин ҳам жамоа ҳимояга ётиб олмай, аксинча, ҳужумкор футбол намойиш этди. Ҳакамларнинг адолатсизлиги Ислом Исмоилов ва унинг шогирдларининг ғалабага бўлган шаштидан қайтара олмади. Дастлаб, пенальтидан ҳисобни очган ўзбекистонлик ўсмирлар, ўйин якунига қадар яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Ажабланарлиси, ҳисобда олдинга чиқиб олганидан кейин ҳам Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳужумлар сонини камайтирмади. Бу эса Ислом Исмоиловнинг ҳужумкор футбол тактикаси меваси бўлди. Ўзбекистон профессионал лигаси раҳбари Диёр Имомхўжаев бир вақтлар айтганидек, ўзбекистонлик ўсмирлар рақибларини ҳаками билан қўшиб мағлуб этди.
Ислом Исмоилов учун бу фаолиятидаги илк катта ютуқ ва мухлислар жорий йил Қатарда бўлиб ўтадиган мундиалда ҳам ижобий натижа қайд этишига умид қилмоқда. Чунки бу таркиб, бу мураббий, бу ўйин билан Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси планкани юқорига кўтариб юборди.
LiveБарчаси