Исландияда вулқон отила бошлади (видео)
Олам
−
21 Ноябрь
2029Исландиядаги Рейкьянес яриморолида вулқон отилиши бошланди. Бу ҳақда RUV телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 20 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 23:24 да Исландиянинг жануби-ғарбий қисмидаги Рейкьянес яриморолидаги вулқон отилиши бошланган. Фавқулодда вазиятлар хизмати ушбу ҳодиса сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилган ва Гриндавик шаҳри ва машҳур “Мовий кўл” геотермал дам олиш мажмуаси аҳолисини эвакуация қилмоқда.
“Отилиш Сундхнуксгигар кратерлари ҳудудида содир бўлган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Исландияда 33 фаол вулқон тизими мавжуд. Рейкьянес яриморолида 2021 йилдан буён бир неча бор вулқон отилган: 2021 йил мартида, 2022 йил августида, 2023 йил июлида ва жорий йилнинг январь, март, май ҳамда август ойларида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Камчатка яриморолидаги Усть-Камчатск қишлоғи яқинида жойлашган “Шивелуч” вулқони отилган эди.