Instagram’ни “портлатган” Бош вазир: НАТОда барчани қизиқтирган аёл ким?
Олам
−
23 июл 9736 7 дақиқа
Исландия тарихидаги энг ёш Бош вазир, 36 ёшидаёқ мамлакат бошқарувини қўлга олган сиёсатчи, болалигида поп қўшиқчиси бўлишни орзу қилган, сиёсатчи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирган ҳамда Европа тақдирини ҳал қиладиган тадбирда нутқ сўзлаганидан кейин Instagram'даги обуначилари сони қарийб 15 баробарга ошган Исландия Бош вазири Криструн Фростадоуттир қандай қилиб дунёга машҳур бўлди? НАТО саммитида дунё эътиборига тушган сиёсатчи хонимнинг карьерасига назар ташлаймиз.
Криструн Фростадоуттир 2026 йилнинг 7–8 июль кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган НАТОнинг 36-саммитидан кейин ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган шахслардан бири бўлди. Саммитдан олинган сурат ва видеолар кенг тарқалиши ортидан кўплаб фойдаланувчилар “Бу аёл ким?” деган савол билан унинг шахсига қизиқиш билдира бошлади.
Криструн Фростадоуттир ким?
Криструн Фростадоуттир 1988 йил 12 май куни Исландия пойтахти Рейкьявик шаҳрида туғилган. Унинг отаси ёзувчи ва этнограф, онаси эса шифокор. Исландия университетида иқтисод бўйича бакалавр даражасини олган, кейинчалик АҚШнинг Бостон университетида иқтисод бўйича магистр, Йель университетида эса халқаро муносабатлар ва давлат бошқаруви йўналишида яна магистрликни тамомлаган.
Маълум бўлишича, Криструн Фростадоуттир турмуш қурган ва икки фарзандни тарбияламоқда. Уларнинг катта қизи Мария Ҳердис 2019 йилда, кенжа қизи Рагнхилдур Стейнунн эса 2023 йилда дунёга келган.
Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган НАТОнинг 36-саммитида Криструн Фростадоуттир Исландия делегациясига бошчилик қилган. Туркиянинг “Sözcü” нашрига кўра, НАТО саммити арафасида Криструн Фростадоуттирнинг Instagram саҳифасида 19,3 минг кузатувчиси бўлган. Саммитдан сўнг эса, уларнинг сони 69,3 минг нафарга етган. Айни пайтда эса унинг саҳифасидаги обуначилар сони 277 мингдан ошган.
Иқтисодчидан Бош вазиргача
Сиёсатга киришидан олдин Криструн Фростадоуттир иқтисодчи ва молиявий таҳлилчи сифатида фаолият юритган. У 2017–2018 йилларда Morgan Stanley инвестиция банкининг Лондондаги офисида ишлаган. Шундан сўнг 2018–2021 йилларда Исландия Савдо палатасида бош иқтисодчи, 2021 йилда эса парламент сайловлари олдидан қисқа муддат Kvika Bank бош иқтисодчиси бўлган.
Иқтисодиёт, инфляция ва молия бозорларига оид таҳлиллари билан телевидение ва оммавий ахборот воситаларида мунтазам чиқиш қилгани сабабли, у сиёсатга киришидан аввал ҳам Исландияда машҳур иқтисодчи сифатида танилган.
2021 йил 25 сентябрда Рейкьявик жанубий сайлов округидан Альтинг (Исландия парламенти) депутати этиб сайланган Фростадоуттир орадан бир йил ўтиб, 2022 йил 28 октябрда Социал-демократик партияси альянси раисига айланган. Маълумот учун, Альтинг Исландиянинг бир палатали парламенти бўлиб, мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи органи ҳисобланади.
2024 йил 30 ноябрдаги муддатидан олдинги парламент сайловларида унинг партияси ғолиблар қаторидан жой олди ва ҳукумат тузди. 2024 йил 21 декабрь куни Президент Ҳалла Томасдоуттир янги ҳукуматни тасдиқлагач, Фростадоуттир 36 ёшида Исландия тарихидаги энг ёш Бош вазир сифатида лавозимга киришган.
Шунингдек, 2025 йил февраль ойида ҳатто Guinness World Records уни дунёдаги энг ёш амалдаги ҳукумат раҳбари сифатида қайд этган.
Европа Иттифоқи ва НАТО бўйича қарашлари
Европа Иттифоқи масаласида ҳам у аввалги ҳукуматлардан фарқли позицияни эгаллайди. Унинг фикрича, Исландия Европа билан янада яқин ҳамкорлик қилиши керак.
2025 йил апрель ойида Euronews телеканалига берган интервьюсида Фростадоуттир Бош вазирликка келгач, халқаро сиёсат унинг фаолиятида кутилганидан ҳам муҳим ўрин эгаллаганини айтган.
“Мен сайлов кампаниясини асосан ички масалалар – уй-жой, иқтисодиёт ва ижтимоий сиёсатга қаратган эдим. Аммо бу лавозимга келганингизда халқаро сиёсатнинг ўзи ҳаётингизга кириб келади”, деган у.
НАТО масаласида эса Фростадоуттир хавфсизликни фақат ҳарбий куч билан ўлчаб бўлмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрича, кучли иқтисодиёт, демократик институтлар ва жамиятнинг барқарорлиги ҳам миллий хавфсизликнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Анқарадаги НАТО саммитидан кейин Instagram саҳифасида Фростадоуттир альянснинг келажаги ҳақида ҳам фикр билдирган.
“Шимолий Атлантика иттифоқи (НАТО) ўзгариб бормоқда. Энди Европа кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олмоқда. Бу ижобий ҳолат. НАТО ҳеч қачон бугунгидек йирик ва кучли бўлмаган. Мен Исландия бундан кейин ҳам ишончли иттифоқчи бўлиб қолиши ва ўз ҳиссасини қўшишда давом этишини муҳим деб биламан. Бугун Анқарада бўлиб ўтган НАТО саммитида айнан шундай руҳ ва якдиллик ҳукм сурди. Бош вазир сифатида мен ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, Исландиянинг манфаатлари ва позициясини илгари сураман. Шу боис энг яқин иттифоқчиларимиз раҳбарлари билан яхши муносабатларни сақлаш жуда муҳим”, деб ёзган у.
Ижтимоий тармоқларда қандай кўринади?
Криструн Фростадоуттир ижтимоий тармоқларда ҳам фаол. Facebook ва Instagram саҳифаларида расмий учрашувлар билан бир қаторда кундалик ҳаётидан ҳам лавҳалар улашиб туради.
Масалан, яқинда у “Сочимни олдиришга ҳам улгурибман” деб ёзган постида янги соч турмаги билан тушган суратини жойлаштирди.
“Сочимни олдиришга ҳам улгурибман. Аммо хаёлим ҳали ҳам кўплаб муҳим давлат масалалари билан банд. Вестман оролларига транспорт қатновидаги жиддий муаммоларни ҳал қилиш устида ишлаяпмиз. Шу масала бўйича иқтисодий кенгаш йиғилишини чақирдим. Унда давлат бюджети режаси ва иқтисодиётдаги вазият муҳокама қилинди.
Шунингдек, парламентда ёз мавсумида дизель ва бензин нархини пасайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилади. Ҳукумат сайланган мансабдор шахслар ва юқори лавозимли амалдорларнинг иш ҳақини тартибга солувчи янги тизимни ҳам таклиф қилди.
Рейкьявикда 2017 йилдан буён илк бор давлат ерларида 1 400 та янги уй-жой қурилиши бўйича узоқ муддатли келишувга эришилди. Уйларнинг камида 30 фоизи арзон нархдаги ёки нотижорат уй-жойлардан иборат бўлади. Давлат ва маҳаллий ҳокимиятлар биргаликда ҳаракат қилса, катта натижаларга эришиш мумкин.
Парламентдаги ишлар ҳам яхши кетмоқда ва келаси ҳафта маҳаллий сайловларга эътибор қаратамиз”, деб ёзган у Instagram саҳифасида.
Бу унинг иш фаолияти билан шахсий ҳаётини уйғун тарзда ёритишга ҳаракат қилишини кўрсатади.
Криструн Фростадоуттир 2025 йил сентябрь ойида Исландиянинг Kratinn подкастига берган интервьюсида оиласи унинг ҳаётидаги энг катта таянч эканини айтган.
“Мен деярли ҳар доим кечки овқатни уйда ейман. Агар кечки соат бешдан еттигача қандайдир тадбир бўлса, мен уйда бўлишни афзал кўраман. Эрталаб жуда эрта уйғонаман, болаларим уйғонишидан олдин ҳукумат йиғилишларига тайёргарлик кўраман. Кейин уларни боғча ва мактабга тайёрлайман ва имконим қадар ҳафтасига бир неча марта ўзим олиб бораман”, деган у.
Фростадоуттир бўш вақтини эса асосан оиласи билан ўтказишни афзал кўради.
“Мен деярли иш, турмуш ўртоғим ва болаларимдан бошқа нарса билан шуғулланмайман. Турмуш ўртоғим менинг энг яқин дўстим”, дея таъкидлаган Фростадоуттир.
Криструн Фростадоуттир нималарни ёқтиради?
Криструн Фростадоуттир сиёсий фаолиятидан ташқари оддий ҳаёт тарзини афзал кўришини айтади. Исландиянинг Feykir нашрига берган савол-жавобида у уйидаги энг севимли жой меҳмонхонадаги диван эканини айтган.
“Уйимдаги энг севимли жой – меҳмонхонадаги диван. Жимжитликни яхши кўраман. Машинада ёлғиз кетаётганимда ҳам баъзан радиони ёқмайман”, деган у.
Фростадоуттир ошхонада вақт ўтказишни ҳам ёқтиради. Ўша интервьюда ундан энг севимли буюми ҳақида сўралганда, у ҳазил аралаш шундай жавоб берган:
“Янги панкейк товам. Энди панкейкни анча яхши пиширадиган бўлиб қолдим”, деган Исландия Бош вазири.
2024 йил апрель ойида Einkalífið подкастига берган интервьюсида эса ўзини интроверт инсон сифатида таърифлаган.
“Мен интровертман. Болалигимда жуда тортинчоқ эдим. Ёлғиз ёки кичик даврада бўлиш менга ёқади”, деган у.
Фростадоуттирнинг айтишича, болалигида оиласи билан бир муддат Буюк Британияда яшагани унинг характерига ижобий таъсир кўрсатган ва уни янада очиқроқ инсонга айлантирган.
Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, у болалигида келажакда сиёсатчи эмас, аввал муҳандис, кейинчалик эса поп қўшиқчиси бўлишни орзу қилганини ҳам яширмаган.
Криструн Фростадоуттирнинг Анқарадаги НАТО саммити ортидан машҳурлашиши тасодиф эмас. Унинг ёши, сиёсий тажрибаси, оилавий ҳаёти ва замонавий қарашлари уни нафақат Исландияда, балки халқаро майдонда ҳам қизиқ шахсга айлантирди.
Live
Барчаси