Ис газидан заҳарланмаслик бўйича тавсиялар берилди. Жойларда эса газ йўқ

Жамият

image

Куз-қиш мавсуми бошланган сайин кўнглимда хавотир ўрмалайди. Қишлоқдаги яқинларим хаёлимдан ўтади. Сабаби совуқ кунлар кириши билан чироқнинг қадами узилади. Газни-ку қишлоқдан бош олиб кетганига анча бўлган. Трубалар ҳам аллақачон эгаларининг жиғилдонида.

Ижтимоий тармоқларда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ҳақида тез-тез хабарлар тарқаб туради. Гарчи ҳар йил қайта ва қайта такрорланаётган мавзу бўлса-да, одамлар ҳали бу мавсумий балодан қутула олгани йўқ. Бугун ис гази ва ундан ҳимояланиш йўлларини яна бир бор эсга олсак.   

Ис газидан қандай сақланиш мумкинлиги ҳақида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов маълумот берди. 

“Бу масала қўмитага таалуқлилик даражаси юқори бўлмаса-да, ҳар йилги ўрганишларга кўра, бунга асосий сабаб — кўп хонадонли уйларда иссиқлик етказиб бериш тизимининг умуман яроқсиз ҳолга келганидир.

Яъни кўп хонадонли уйларда иситиш етказиб берилмаслиги натижасида хонадонларда ўзбошимчалик билан ўрнатилган қўлбола иситиш печларидан фойдаланиш: уйда газ ёқиш, овқат пишириш жараёнида босим пасайиши ва ҳатто узилиш ҳолатлари.

Аҳоли кечаси бу мосламаларни қаровсиз, яъни ёниқ қолдириши оқибатида ис газидан эмас, газнинг ўзидан заҳарланади.

Яна бир сабаб — заҳарланмаганда ҳам, эрталаб газ ўчиб, қайта газ келиши туфайли ухлаб ётган киши уйқусираб чироқни ёқади. Натижада учқундан чатнаш, портлаш содир бўлади.

Ис газига тўхталадиган бўлсак, босим пасайса-пасаймаса ҳам, олов ёниб тураверади. Хона шамоллатилмайди, ҳаво кирмайди, яъни совуқ кирмасин деб эшик-ойналар ёпиб ўтирилади. Шунда хонада газ концентрацияси кўпайиб, кислород камайиб кетади ва ўпкада асфекция деган ҳодиса рўй беради.

Ис гази концентрациясидан атиги икки марта нафас олгандаёқ, шунинг ўзи одам ҳаётдан кўз юмишига етарли бўлади”.

Аслида ис газидан заҳарланишга фақат газ қувурлари ёки техник ускуналарнинг носозлиги сабаб бўлаётгани йўқ. Ҳақиқий аҳвол бироз бошқачароқ. Яъни одамлар уйини иситиш учун кўмир ёқишга ҳам мажбур бўлади. Оқибатда эса кўмири “угар”и ўлимга олиб келиши мумкин. Бу ҳолат эса ис газидан ўлим сифатида қайд этилади. Ёки яна бир яшириб бўлмайдиган ҳолат мавжуд. Бу ҳам бўлса жойларда ярим тунда “Ҳудудгазтаъминот” томонидан газнинг огоҳлантиришсиз узиб қўйилиши бўлиб, иссиқ хонада пинакка кетган одамлар газ ўчирилганини пайқамайди. Ярим тунда яна газ берилади, аммо у олов бўлиб ёнмагач, хонада газ тўлади. Охир-оқибат ис газидан заҳарланиш кузатилади. Ва ўлим ҳолати асосан шундай вазиятда қайд этилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

ис гази

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг