Ироқда 47 нафар мулозим коррупцияда гумонланиб қўлга олинди
Олам
−
10:41 810 2 дақиқа
Ироқ хавфсизлик кучлари томонидан коррупцияда айбланиб 40 нафардан ортиқ юқори лавозимли амалдор ва депутат қўлга олинди. Бу ҳақда Ироқ ахборот агентлиги (INA) хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, ўтган ойнинг охиридан бери худди шундай айблов билан тергов қилинаётган нефть вазири ўринбосари Аднан ал-Жумайлининг берган кўрсатмалари ушбу шахсларнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган.
INA манбасининг билдиришича, ҳибсга олинганлар орасида парламент депутатлари ва ҳукумат мулозимлари бор. Нашрнинг аниқлик киритишича, гумон остига тушган парламент аъзоларидан депутатлик дахлсизлиги олиб ташланган.
Агентликнинг қайд этишича, Ироқ пойтахти Бағдодда, шунингдек, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида, жумладан, марказий Восит вилояти ва шимолдаги Эрбил вилоятида жами 47 нафар ҳокимият вакили қўлга олинган ва уларнинг уйларида тинтув ишлари олиб борилмоқда.
Қўлга олинганлар орасида “Азим” коалицияси раҳбари ва депутат Мусенна ас-Самерраи, шунингдек, депутатлар Зияд ал-Женаби, Беха ан-Нури, Муҳаммад ал-Кербули, Алия Несиф, Муҳаммад Жамил ал-Мияхи, Ҳасан ал-Хафажи, Абдурраҳмон ал-Лувейзи, Мудар ал-Керави, Ҳинд ал-Аббоси, Муҳаммад Ферман ал-Жубури, Бушра ал-Қайси ва собиқ депутат Муҳаммад ас-Сайхуд бор. Бундан ташқари, амалиёт давомида нефть вазирининг тақсимот масалалари бўйича ўринбосари Али Мариж ва Иброҳим ас-Сумайди ҳам ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.
Шу билан бирга, Ироқнинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат мулкига нисбатан қонунбузарликларда айбланаётган шахсларни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерларни ижро этиш бошланганини эълон қилган. Агентлик баёнотида қайд этилишича, ушбу амалиёт суд, ижро ва қонунчилик ҳокимиятлари билан ўзаро мувофиқликда олиб борилмоқда, ҳибсга олишлар эса узоқ муддатли кузатувлар, текширувлар ва тафтишлар натижасидир. Баёнотда барча ҳаракатлар қонуний доирада амалга оширилаётгани, амалиёт жамоатчилик қўллаб-қувватлови остида ҳамда Ироқ Олий суд кенгаши, Бош вазир девони ва Парламент девони билан яқин ҳамкорликда давом этаётгани алоҳида таъкидланган.
Пойтахт Бағдодда амалиёт давомида хавфсизлик кучлари ҳукумат бинолари ва дипломатик ваколатхоналар жойлашган ҳамда кучайтирилган тартибда қўриқланадиган “Яшил зона”га кириш ва чиқиш йўлларини тўсиб қўйган. Шунингдек, депутатлар, собиқ вазирлар, юқори лавозимли амалдорлар ва тадбиркорларнинг уйларида бир вақтнинг ўзида рейдлар ўтказилган. Маҳаллий манбаларнинг тахмин қилишича, амалиётнинг иккинчи босқичида тергов доирасига янада юқори даражадаги, яъни “биринчи тоифали” шахслар ҳам киритилиши мумкин.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида лавозимга киришган Ироқ Бош вазири Али Зейди ироқликларга йўллаган илк мурожаатида иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, коррупцияга қарши курашиш ва давлат хизматлари сифатини яхшилашга ваъда берган.
Live
Барчаси