Иродами ё қасос? Эрдўған яна бир тарихий черковни масжидга айлантирмоқчи

Олам

Туркия ва Ислом. Расмий Анқара христианлар учун яна бир муҳим объект – Истанбулдаги Нажоткор Масиҳнинг черкови сифатида танилган Хор монастирини масжидга айлантириш режасини эълон қилди. У 1948 йилдан буён музей сифатида ишлаб келаётган эди. 

ОАВнинг қайд этишича, Туркия Ҳукумати Аё София черковини аввал музей, сўнг масжидга айлантириш жараёнида ундаги суратлар ва насронийликка оид белгиларни қандай беркитган бўлса, бунда ҳам шундай йўл тутмоқчи.

Монастир дунёнинг энг ноёб маданий мерос объектларидан бири ҳисобланади. Константинопол турклар қўлига ўтгандан кейин ҳам черков ўзининг асл қиёфасини сақлаб қолган. 

Агар монастир тарихи ҳақида гапирадиган бўлсак, у деярли 1500 йил олдин қурилган ва Истанбулдаги энг қадимий тарихий обидалардан биридир. Аё София сингари, у 1453 йилда Константинопол қулаганидан кейин масжидга айланди. 1945 йилда, Иккинчи Жаҳон Урушининг охирида масжид Карийе музейига айлантирилди. Буни Эрдўған Ҳукумати ноқонуний ҳаракат деб ҳисоблайди. 

Ушбу Монастир жорий йил дунё христианлари эътибор марказида турган иккинчи муҳим объект бўлмоқда. 1934 йилда музейга айлантирилган Аё София мақбараси Эрдўғаннинг сиёсий иродаси сабаб масжид мақомини қайта олди ва жорий йилнинг 24 июль куни жума намози дебочаси билан ибодатга очилди

Бу воқелик бутун дунёда кўплаб норозиликларни келтириб чиқарди. Греция Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий танқидчисига айланди. Албатта, масалага бошқа христианлар кўп истиқомат қиладиган мамлакатлар ҳам муносабат билдирди, бироқ бу давлат раҳбари ёки Ҳукумат даражасида бўлмади. Масалан Россия масалага диний ташкилотлар даражасида муносабат билдирди

Умуман олганда, Константинопол юнонлар учун жуда оғриқли мавзу. Улар ҳанузгача Истанбул ўрнига Константинопол номини ишлатишади. Греция христиан ташкилотлари ва бошқа бир қатор давлатлар кўмагида Туркияга босим ўтказишга уринди, аммо Анқара мамлакатнинг ички ишларига аралашмасликка чақирди

Юнонистон ва Туркия муносабатларидаги зиддият фақат диний ёки маданий эмас. Сиёсий баҳслар ортида Ўрта ер денгизидаги табиий бойликларга эгалик қилиш ётгани энди ҳеч кимга сир эмас. Экспертларнинг фикрича, Туркиянинг бундай хатти-ҳаракати унинг Европа Иттифоқига қабул қилиниши чўзилаётганига нисбатан қасоси бўлиши мумкин. 

Яна бир талқинга кўра, Эрдўған илгари Усмонийлар империяси бўлган давлатларга тўғридан-тўғри таъсир ўтказиш, уларнинг сиёсий ҳаёжонини айнан диний қадриятларига беписанд муносабатда бўлиш орқали жумбушга келтиришни ният қилган. 

Бироқ, турк оммавий ахборот воситаларида кўп янграйдиган назарияга қаралса, Эрдўғаннинг черковларни собиқлаштириб, жамоатга очиши унинг халқи орасидаги обрўсини ошириш, партияси ҳукумронлигини узайтиришга хизмат қилади. 

Ҳукуматнинг ўзи эса Аё София ва Хор монастирининг музейга айлантирилишини нотўғри қарор сифатида баҳолайди ва уларга масжид мақомининг берилишига тарихий адолатнинг тиклиниши деб қарайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Аё София

Баҳолаганлар

390

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг