АҚШ ва Грецияни “ёпиштирган” Эрдўған Россияга келганда қандай йўл тутади?

Олам

image

Москва ва бутун Рус патриархи Кирил Туркия ҳукуматига Истанбулдаги Айя София ибодатхонасини музей мақомида сақлаб қолишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда маҳаллий матбуот ёзмоқда. 

“Мен Туркия давлат етакчисининг мулоҳазакорлик билан иш қилишига умид қиламан. Насроний маданияти дурдоналаридан бири ва дунёдаги миллионлаб насронийлар учун тимсол бўлган ибодатхонанинг ҳозирги бетараф мақомини сақлаб қолиш – келажакда унинг Россия ва Туркия халқлари орасидаги муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда динлараро тинчлик ва муросани мустаҳкамлаш учун хизмат қилади”, дейилган патриарх Кирилл баёнотида.

Калаванинг учи 

Жорий йилнинг 2 июль куни Туркия Олий суди Авлиё София ибодатхонасининг мақоми Президент фармони билан ўзгартирилиши мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилди.

Таъкидланишича, мамлакатнинг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатуркнинг 1934 йилда қабул қилинган Авлиё София ибодатхонасининг мақоми тўғрисидаги фармойиши қонуний ҳисобланади, аммо амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған уни ўзгартириш ҳуқуқига эга.

Авлиё София яна масжидга айлантирилса, у ерда 15 июль – Туркияда давлат тўнтариши ўтказишга бўлган уринишнинг тўрт йиллиги муносабати билан намоз ўқилиши тахмин қилиняпти. Бу ўз навбатида якуний қарор қабул қилишга ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

АҚШ ва Грециянинг оғзига урган Эрдўған

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2019 йилнинг март ойида ТРТ телеканалига берган интервьюсида ушбу музей яна масжидга айлантирилишига ишора берган эди. Жорий йилнинг 29 май куни Истанбул шаҳри Фотиҳ Султон тарафидан фатҳ этилган кун муносабати билан Айя Софияда Қуръони каримнинг Фатҳ сураси ўқилди. Шундан сўнг баҳс-мунозаралар авжига чиқди. 

Бу орада ҳолатга Греция Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, Айя Софияда Қуръон оятларининг ўқилишини, христианларнинг диний туйғулари оёқости қилиниши деб баҳолади. 

Орадан кўп ўтмай, АҚШ Давлат департаменти ҳам ҳолатга нисбатан муносабатини билдириб, Айя Софиянинг кўп динли тарихини сақлаб қолишни қўллаб-қувватлашини очиқлаган. Департамент Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги ҳисоботларни рўкач қилган.

Президент Эрдўған кечаги нутқида АҚШ ва Грециянинг иддаоларига қарши гапираркан, Туркиянинг ички ишларига бошқа мамлакатларнинг аралашишга ҳақи йўқлигини урғулади. У сўзида давом этаркан, Туркия барча дин вакилларига очиқ мамлакат эканини қайд этди.

3 июль куни Истанбулдаги янги масжид қурилишига тамал тоши қўйган Президент Ражаб Тойиб Эрдўған нутқ сўзлаб, Туркиянинг ички ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини эслатиб, шундай деганди: 

“Биз дунёнинг бошқа ўлкаларида ўз ватандошларига хизмат қилиб келаётган ибодатхоналарнинг ишига аралашмаяпмизми, демак бошқаларнинг ҳам бизнинг ибодатхоналаримиз ишига аралашишга ҳақи йўқ”.

Қизиқ, АҚШ ва Грецияга бу тарзда оғир жавоб қайтарган Эрдўған Россияга келганда ҳам шундай йўл тута олармикин? 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўған Айя София

Баҳолаганлар

386

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг