Қизим сенга гапираман, келиним сен эшит. Эрдўған АҚШ ва Грециянинг оғзига урди

Олам

image
Дунёнинг энг тарихий черкови яна масжидга айланиши мумкин north_east

Дунёнинг энг тарихий черкови яна масжидга айланиши мумкин

“Биз дунёнинг бошқа ўлкаларида ўз ватандошларига хизмат қилиб келаётган ибодатхоналарнинг ишига аралашмаяпмизми, демак бошқаларнинг ҳам бизнинг ибодатхоналаримиз ишига аралашишга ҳақи йўқ”. Кеча, 3 июль куни Истанбулдаги янги масжид қурилишига тамал тоши қўйган Президент Ражаб Тойиб Эрдўған халққа шундай мурожаат қилди. 

Маълумки, шу кунларда Истанбул шаҳри марказида жойлашган Айя София (Авлиё София) ибодатхона-музейини яна масжидга айлантириш бўйича тортишувлар кетмоқда.

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2019 йилнинг март ойида ТРТ телеканалига берган интервьюсида ушбу музей яна масжидга айлантирилишига ишора берган эди. Жорий йилнинг 29 май куни Истанбул шаҳри Фотиҳ Султон тарафидан фатҳ этилган кун муносабати билан Айя Софияда Қуръони каримнинг Фатҳ сураси ўқилди. Шундан сўнг баҳс-мунозаралар авжига чиқди. 

Бу орада ҳолатга Греция Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, Айя Софияда Қуръон оятларининг ўқилишини, христианларнинг диний туйғулари оёқости қилиниши деб баҳолади. 

Орадан кўп ўтмай, АҚШ Давлат департаменти ҳам ҳолатга нисбатан муносабатини билдириб, Айя Софиянинг кўп динли тарихини сақлаб қолишни қўллаб-қувватлашини очиқлаган. Департамент Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги ҳисоботларни рўкач қилган.

Президент Эрдўған кечаги нутқида АҚШ ва Грециянинг иддаоларига қарши гапираркан, Туркиянинг ички ишларига бошқа мамлакатларнинг аралашишга ҳақи йўқлигини урғулади. У сўзида давом этаркан, Туркия барча дин вакилларига очиқ мамлакат эканини қайд этди. 

“Туркия дини ва эътиқодидан қатъи назар ҳар бир фуқаросига ибодат имконини берган давлатдир. Бугунги кунда мамлакатимизда жами 435 та черков, синагог ва ибодатхоналар мавжуд”, дейди Эрдўған. 

Давлат раҳбари сўзида давом этиб, ибодатхоналар ҳеч қандай ҳомийлик ёрдамисиз давлат бюджетидан таъмирланаётганини алоҳида таъкидлади. 

Эрдўған ишоралари айнан Айя София ҳақида бораётганига аниқлик киритаркан, бу ибодатхона-музейни масжига айлантириш ҳақида қарор бериш фақат ва фақат Туркиянинг ҳуқуқи эканини айтди. 

“Бизда минглаб тарихий зиёратгоҳлар бор. Айниқса, Гўбеклитепа 11 минг йиллик тарихга эга ва инсоният томонидан ибодатга очилган биринчи маскан сифатида танилган. Бундай бир мамлакатга ибодатхоналар орқали мағзава ағдаришга уриниш, ҳақиқатлардан юз ўгиришдир. Юртимизга Айя София масаласи қилинган айбловлар бизнинг суверен ҳуқуқларимизга тўғридан тўғри ҳужум қилишни англатади. Ҳолбуки, биз дунёнинг тўрт бурчагида масжидлар ва бошқа динларга мансуб инсонларнинг ибодатхоналарига ҳужум қилинаётган даврда яшаяпмиз. Миллионлаб одамлар фақатгина диний эътиқодлари сабаб ҳар қандай тазйиққа, шу жумладан ҳаётларига қасд қилишларига дуч келмоқдалар. Аслида эътибор қаратиш, чораларни кўриш керак бўлган масала ҳам айнан шу. Биз ўлкамизда етакчи диний гуруҳ бўлган мусулмонларнинг ҳам, бошқа динларга мансуб бўлганларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этамиз”, деди Эрдўған. 

2 июль куни Туркия Олий суди Авлиё София ибодатхонасининг мақоми Президент фармони билан ўзгартирилиши мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилди.

Таъкидланишича, мамлакатнинг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатуркнинг 1934 йилда қабул қилинган Авлиё София ибодатхонасининг мақоми тўғрисидаги фармойиши қонуний ҳисобланади, аммо амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған уни ўзгартириш ҳуқуқига эга.

Авлиё София яна масжидга айлантирилса, у ерда 15 июль – Туркияда давлат тўнтариши ўтказишга бўлган уринишнинг тўрт йиллиги муносабати билан намоз ўқилиши тахмин қилиняпти. Бу ўз навбатида якуний қарор қабул қилишга ўз таъсирини ўтказиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Айя София

Баҳолаганлар

492

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг