Эрдўған ва Рютте Украина ва Ғазодаги урушни муҳокама қилди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 25 ноябрь куни Анқарада НАТО Бош котиби Марк Рютте билан учрашди. Музокаралар давомида Украина ва Ғазодаги можароларни тартибга солиш, шунингдек, терроризмга қарши кураш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Туркия Президенти маъмурияти маълум қилди.

"Учрашувда Украина ва Россия ўртасидаги уруш, Фаластиндаги қирғинга барҳам бериш истиқболлари, терроризмга қарши курашда қўшма қадамлар ва Туркиянинг 2026 йилда НАТО саммитига мезбонлик қилиши муҳокама қилинди", дейилади хабарда.

Қайд этилишича, йиғилиш кун тартибига НАТО иттифоқчилари ва Туркия ўртасида мудофаа саноати учун маҳсулот харид қилишда бирдамлик масалалари ҳам киритилган.

Йиғилишда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Мудофаа вазири Яшар Гулер, Президент маъмуриятининг алоқа бўлими раҳбари Фаҳреттин Алтун ва Эрдўғаннинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича маслаҳатчиси Акиф Чағатай Килич иштирок этди.

Ўз навбатида, Рютте Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида музокаралар якунлари бўйича Туркия Президенти билан “коллектив хавфсизликка ортиб бораётган муаммолар, жумладан, терроризм таҳдиди, Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги инқирозни” муҳокама қилганини ёзди.

Унинг таъкидлашича, “борган сари олдиндан айтиб бўлмайдиган дунёда Туркия НАТОга бебаҳо ҳисса қўшмоқда”.

Эслатиб ўтамиз, 22 ноябрь куни НАТО Бош котиби Марк Рютте АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан илк учрашувини Трампнинг Флоридадаги қароргоҳида ўтказган, томонлар альянс олдида турган глобал хавфсизлик масалаларини муҳокама қилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Марк Рютте

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг