Индонезияда зилзила қурбонлари 160 кишидан ошди

Олам

image

Индонезиянинг Ява оролида рўй берган кучли зилзила қурбонлари сони 162 кишига етди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди. 

Ғарбий Ява губернатори Ридван Комил ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги мактаб ўқувчилари эканини айтди. Унга кўра, зилзиладан уйлари жиддий шикастланган 13 мингдан ортиқ киши эвакуация марказларига олиб кетилган.

Кеча, 21 ноябрь куни тушдан кейин Индонезиянинг Ява оролида 5,6 магнитудали зилзила юз берди. Индонезия метеорология, иқлимшунослик ва геофизика агентлиги камида 25 та ер силкинишини қайд этди. Зилзила манбаи 175 мингга яқин аҳолиси бўлган Чианжур шаҳри яқинида жойлашган. Худди шу номдаги минтақа аҳолиси 2,5 миллион кишидан ошади. 

Индонезия мунтазам равишда ҳалокатли зилзилаларга дуч келади. Жорий йилнинг февраль ойида Ғарбий Суматра провинциясида содир бўлган 6,2 магнитудали зилзила оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди, 460 дан ортиқ киши жароҳат олди. 2021 йил январь ойида Ғарбий Сулавеси провинциясида 6,2 магнитудали зилзила оқибатида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 6,5 мингга яқин киши жароҳатланган эди. 

2004 йилда Ҳинд океанида содир бўлган кучли зилзила ва цунами бир қанча мамлакатларда, аксарияти Индонезияда деярли 230 000 кишининг ҳаётига зомин бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Зилзила Индонезия

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг