Индонезияда питон 61 ёшли эркакни ютиб юборди (видео)

Олам

image

Индонезиянинг Жануби-шарқий Сулавеси минтақасида 61 ёшли фермер Ла Нотини улкан питон ютиб юборди. Воқеа жорий йилнинг 4 июль куни эрталаб, у товуқларини боқиш учун дала бўйида юрган вақтда юз берган. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.

Нашрга кўра, тахминан 8,5 метр узунликдаги илон баланд ўт ичидан чиқиб, Ла Нотининг оёғига ёпишиб олган ва унга ҳужум қилган. Қуролсиз бўлган кекса эркакни питон бўғиб ўлдирган ва бутунлай ютиб юборган.

Унинг уйга қайтмаганидан хавотирга тушган қариндошлари эртаси куни маҳаллий аҳолини жалб қилган ҳолда қидирув ишларини бошлаган. Унинг мотоцикли Мажапахут қишлоғи ёқасида топилган ва бу йирик қидирув гуруҳини ишга туширган.

Кечроқ улар боғ яқинидаги буталар орасида ётган, қорни бўртиб чиққан улкан питонни кўриб қолган. Илон ҳаракатсиз ва “ов” туфайли оғир авҳолда бўлган. Бундан шубҳаланган маҳаллий аҳоли питонни тутиб, қорнини очиб кўрган ва унинг ичидан Ла Нотининг кийимлари билан бирга танаси шилимшиққа ўралган ҳолда чиққан.

Воқеа жойида олинган видеода бир нечта одам питоннинг қорнини эҳтиёткорлик билан кесиб, Ла Нотининг 160 см бўйли жасадини чиқараётгани акс этган. Жасад кейинчалик дафн маросими учун оила аъзоларига топширилган.

“Марҳум оиласига чорва ҳайвонларини боқиш учун кетаётганини айтган, аммо уйга қайтмаган. Оила аъзолари ва аҳоли қидирув ишлари олиб бориб, уни катта питон ютиб юборганини аниқлади. Оила бу воқеани қабул қилиб, марҳум учун дуо қилди”, дейди маҳаллий полицияси бошлиғи, полиция комиссари Масъуд Гунаван.

Фавқулодда ҳолатлар ва офатлар бўйича маҳаллий бошқармалардан бирининг раҳбари Ла Оде Рисавал бу воқеани “мисли кўрилмаган” деб атаган.

“Бу ҳудудда илк бор одам питон томонидан ютилганини кўряпмиз. Сўнгги пайтларда питонлар одамларнинг уй ва боғларига тез-тез кириб келяпти. Биз аҳолига ўрмонларга якка ҳолда чиқмаслик ҳақида огоҳлантирдик”, дейди у.

Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолат ёввойи ҳайвонлар яшайдиган ҳудудларнинг бузилиши ва экологик мувозанатнинг издан чиқиши билан боғлиқ. Индонезия ва унга яқин бўлган Филиппин оролларида 6 метрдан узун питонлар кам учрайдиган ҳодиса эмас. Одатда одамга ҳужум қилиш ҳоллари камдан-кам учраса-да, улар оч қолганида ёки яшаш ҳудуди бузилганда ўта хавфли тус олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Индонезия илон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг