Ҳиндистонда 70 киши алкоголдан заҳарланиб вафот этди
Олам
−
25 Февраль 2019
5782Ҳиндистонда ноқонуний алкоголь ичимликларини истеъмол қилиш натижасида 70 дан ортиқ киши вафот этди, 200 дан ортиқ одам шифохонага ётқизилган.
Бунга спиртли ичимликларнинг айниган, яъни муддати ўтгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Жабр кўрганлар ичида аёллар ҳам бор, дейилади хабарда.
Маҳаллий агентликларнинг берган маълумотига кўра, заҳарланганлар сони тинимсиз ошиб бормоқда. Жабрланувчиларнинг барчаси Ассам штатидаги Жорат ва Голагат туманларидаги чой далалари ишчилари ҳисобланади.
Голагат тумани катта полиция офицери Пушкар Сингхнинг BBC’га берган маълумотига кўра, ҳудудда 58 киши ноқонуний алкоголь истеъмол қилиш оқибатида ҳаёт билан видолашган. Қолган 12 киши Жорат туманида заҳарланган ликёр ичишдан вафот этган.
“Шифохонага келтирилганларнинг барчаси кучли қусиш, бош чаноғидаги оғриқ ва нафас қисишидан шикоят қиляпти”, дейди Голагат соғлиқни сақлаш бошқармаси доктори Ратул Бордолой.
Қонунийларига нисбатан анчайин арзон бўлган ноқонуний алкоголдан вафот этиш Ҳиндистонда ҳавфли тус олмоқда. Расмийларга кўра, текширув комиссияси алкоголь билан боғлиқ ўлимларни ўрганиб чиқяпти.
Штат полицияси ноқонуний спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи шахсларни фош қилиш ва бу турдаги ичимликларни керагидан ортиқ сотиш устидан назоратни йўлга қўйиш чораларини кўряпти.
LiveБарчаси