Имрон Хон ўз оёғи билан судга борадиган бўлди
Олам
−
18 Март 2023
6718Бугун, 18 март куни Покистоннинг собиқ Бош вазири ва мухолифатдаги “Адолат Ҳаракати” партияси раиси Имрон Хон Исломободда ўз лавозимида бўлган вақтида чет эллик етакчилардан олинган қимматбаҳо совғаларни сотгани учун қўзғатилган суд ишида иштирок этади. Бу ҳақда “Geo” телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, Хон Покистон пойтахтида суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун 18 март куни эрталаб Лаҳордаги қароргоҳини тарк этган. Исломободда эса Имрон Хонга қарши иш кўриб чиқилаётган вақтда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Имрон Хонга қарши суд жараёнлари
2022 йил октябрь ойида Покистон Сайлов комиссияси Хонни сайловлардан четлаштирган ва Бош вазир сифатида даромадлари тўғрисида нотўғри молиявий ҳисобот бергани учун уни беш йил муддатга давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган. Қарор Хоннинг совғаларни сотишдан тушган камида 36 миллион Покистон рупийини (137,7 минг доллар) ўзлаштиргани ва унга қарши олиб борилган тергов фонида қабул қилинган.
ОАВга кўра, Имрон Хон Яқин Шарқ давлатлари раҳбарлари томонидан умумий бозор қиймати 154 миллион рупий (1,897 миллион доллар) бўлган совға сифатида тақдим этилган бир нечта қўл соатларини сотишда гумон қилинган. Имрон Хон гўёки бу совғаларни сезиларли чегирма билан сотган, сўнгра олинган сумманинг атиги 20 фоизини Тошахон давлат омборига ўтказиб, савдодан қолган пулни ўзлаштирган. Покистон ҳукумати эса Бош вазир ва хорижий давлатлар раҳбарлари ўртасидаги совғалар алмашинуви мамлакатлараро муносабатларни акс эттиришини, бундай маълумотларнинг ошкор этилиши халқаро муносабатлардаги мамлакат манфаатларига зарар етказиши мумкин эканини билдирган.
2022 йилнинг ноябрига келиб, Исломобод суди Хонга ҳукумат бошчилигида хорижий давлат раҳбарларидан олинган қимматбаҳо совғаларни сотиш айби билан жиноий иш очган.
Жорий йилнинг 28 февралида Покистон пойтахти суди собиқ Бош вазир Имрон Хонни доимий равишда суд мажлисларида иштирок этмагани сабабли ҳибсга олиш тўғрисида ордер берган. 7 март куни Исломобод Олий суди суд қарорини тўхтатиб, Хонни 13 март куни бўлиб ўтадиган суд мажлисида шахсан иштирок этишини буюрган. Белгиланган куни Хон яна судга келмаган, буни адвокатлар унинг соғлиғи ёмонлиги ва Хоннинг 2022 йил ноябрь ойида унга суиқасд уюштирилиши оқибатида орттирган “ногиронлиги” билан изоҳлаган. Шу муносабат билан собиқ Бош вазирни ҳибсга олиш учун ордер янгиланган.
14-15 март кунлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Хонни суд қарорига асосан ҳибсга олишга ҳаракат қилган, бироқ улар “Адолат Ҳаракати” партияси тарафдорларининг қаршиликларига дуч келган, оқибатда 60 дан ортиқ полициячи жароҳат олган. Шу билан бирга, Хоннинг Исломободдаги адвокатлари судьяларни унинг ҳибсга олиш ордерини судга ўзи келиши шарти билан яна тўхтатиб туришга кўндирган.
Маълумот учун, Покистоннинг собиқ бош вазири 2022 йил 10 апрелда унга билдирилган ишончсизлик вотуми натижасида лавозимидан четлатилган. Бундан олдин Хон ўз ҳукуматига Қўшма Штатлар ва маҳаллий мухолифат томонидан таҳдид қилинганини айтган. Собиқ Бош вазир ўзига қарши сиёсий жараён хориждан молиялаштирилганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Имрон Хонни ҳибсга олиш учун келган полицияга унинг тарафдорлари 18 соат давомида қаршилик кўрсатган, зобитларга қарата тош ва ғишт отган эди. Полиция эса оломонга қарши кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь