Имомўғлининг суди кейинга сурилди

Олам

image

Ҳибсга олинган собиқ Истанбул ҳокими ва Туркия мухолифати вакили Экрем Имомўғли иши бўйича суд иши жорий йилнинг 26 сентябрь кунига қолдирилди. Бу ҳақда “Dunya” хабар берди.

Маълум қилинишича, Имомўғли устидан очилган суд тинглови бугун, 12 июнь куни ўтказилиши режалаштирилган, аммо у ва унинг адвокатлари суднинг жойи охирги дақиқада ўзгартирилганини “қонуний эмас” деб таъкидлаб, суд мажлисига боришдан бош тортган. Шундан сўнг суд навбатдаги тинглов сессиясини 26 сентябрга қолдирган.

“Суд иши принципларига риоя қилинмаяпти, бундай жараёнга иштирок этмайман”, дея ўз қарорини билдирган Имомўғли. 

Суд мажлиси дастлаб Истанбулнинг Чағлаян суд биносида бўлиши керак эди, лекин бир кун олдин суд манзили ўзгартирилиб, Силиври қамоқхонасидаги суд залига кўчирилди. 

Прокурорлар Имомўғлига нисбатан 2-4 йиллик қамоқ ва сиёсий фаолиятдан четлаштириш чорасини қўллашни талаб қилмоқда. 
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби ҳисобланган Экрем Имомўғли жорий йилнинг 19 март куни порахўрлик ва жиноий ташкилот юритишда гумонланиб, ҳибсга олинган эди. Туркиянинг давлатга қарашли “Anadolu” агентлигининг хабар беришича, сиёсатчи террорчиликда айбланиб, тергов қилинмоқда. Хусусан, у Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партиясини қўллаб-қувватлаганликда айбланмоқда.

23 март куни эрталаб Имомўғли суд қарори билан ҳибсга олинган. Шу куни Республика Халқ партияси Имомўғлини Туркия президентлигига номзод қилиб кўрсатди ва у номзодликка тасдиқланди. Праймеризлар давомида унинг номзодини 13,2 миллион фуқаро қўллаб-қувватлади – бу рўйхатга киритилган барча сайловчиларнинг қарийб 20 фоизига тенг.

Имомўғлининг таъқиб қилиниши Туркияда 2013 йилдан бери энг йирик норозилик тўлқинига сабаб бўлди. Собиқ ҳоким ҳибсга олинганидан кейинги 10 кун ичида бутун мамлакат бўйлаб уни қўллаб-қувватловчи 220 га яқин намойиш бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойи ўрталарида Истанбул шаҳрининг собиқ ҳокими, мухолифатдаги “Жумҳурият Халқ” партияси аъзоси Экрем Имомўғли Анқарада сўзлаган нутқида Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг даври тугаганини айтганди. У Эрдўған сиёсати фақатгина ёмонлик келтирганини таъкидлаганди. 19 март куни махсус операция давомида Имомўғли ва унинг матбуот билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Мурат Онгун қўлга олинди. Мазкур ҳолат Туркияда намойишларга ҳам сабаб бўлди. Адлия вазири Йилмаз Тунч воқеалар юзасидан тегишли баёнотини эълон қилди ва Имомўғлининг ишига Эрдўғаннинг алоқаси йўқ эканини айтиб чиқди.

Коррупция ва терроризм иши бўйича ҳибсга олинган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли 22 март куни ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди. Ўша куни у суд биносига олиб борилди. Бош прокуратура суд биносига юборилган 90 нафар гумондор учун 30 нафар прокурор тайинлади. Аста-секин Имомўғли билан боғлиқ суд қарорлари эълон қилина бошланди. Шундан сўнг, Имомўғли аҳолини 23 март куни ўтказиладиган оммавий митингларда қатнашишга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Экрем Имомўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг