Имомали Раҳмон тожикистонликларнинг кўп маротаба Ҳажга боришидан норозилигини билдирди
Олам
−
11 Март
13559Иккинчи ёки учинчи марта Ҳажга бормоқчи бўлган тожикистонликлар бунинг учун ажратилган маблағни бошқа хайрия ишларига сарфлагани маъқул. Бу ҳақда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон жамоатчилик вакиллари, олимлар ва дин арбоблари билан учрашувда айтиб ўтди.
Тожикистон етакчиси Муҳаммад пайғамбар фақат бир марта Ҳаж зиёратига боргани, мусулмонлар эса бир марта Ҳаж қилишлари фарз эканини таъкидлади. Президент такрорий ҳаж учун ажратилган маблағларни шариат амрлари асосида сарфлашнинг бир қанча вариантларини таклиф қилди. Булар:
- оила учун муносиб ҳаётни таъминлаш;
- болалар ва набираларни тарбиялаш;
- мамлакатни яхшилаш;
- корхоналар, мактаблар, йўллар ва кўприклар қуриш;
- етимлар, уйсизлар, ногиронлар, касаллар ва кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш.
“Биз халқимизнинг зиёрат қилишига қарши эмасмиз, лекин шуни таъкидлайманки, бу жараён хурофот, тақлид ва рақобат характерини олмаслиги керак”, дейди Имомали Раҳмон.
Президент мамлакат мустақилликка эришгунга қадар Тожикистоннинг 5 миллион аҳолисидан атиги 29 нафари Ҳаж зиёратига борганини айтди. Бугунги кунда эса бундай одамлар 250 мингдан ортиқ. Биргина 2023 йилда 63 минг Тожикистон фуқароси Ҳаж ва Умра зиёратларини амалга ошириб, бунинг учун жами 1,2 миллиард сомонийдан (109,5 миллион доллар) ортиқ маблағ сарфлаган.
Маълумот учун, Тожикистон раҳбари Саудия Арабистонига расмий ва амалий ташрифлари чоғида беш марта Маккани зиёрат қилган. У 5 марта Умра амалини бажарган ва шулардан учтасида Каъбага киришга муваффақ бўлган. У дастлаб 1997 йилда кичик Умра зиёратини адо этган бўлса, сўнг 2001, 2005, 2016 ва 2023 йилларда такрорий Умра амалларини бажарган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Имомали Раҳмон аёлларнинг Ҳаждан қайтгач, миллий маданиятга ёт кийим кийишини, хатти-ҳаракатлари, такаббурлик қилиши, омма олдида ўзини кўрсатишга уринишини жиддий танқид қилганди.
LiveБарчаси