Имомали Раҳмон Ўзбекистонга келяпти
Жамият
−
31 Май 2022
9569Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Президентнинг ташрифи 2-3 июнь кунларига режалаштирилган.
“Ташриф доирасида Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистон олий раҳбарияти билан расмий учрашувлари режалаштирилган, бунинг натижасида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши истисно этилмаган”, дея таъкидлайди Матбуот хизмати.
Бўлажак учрашувлар кун тартибидан мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Айни вақтда Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга кутилаётган расмий ташрифи муносабати билан “Ховар” агентлиги Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзоданинг мақоласини эълон қилди.
Унда айтилишича, Президентнинг Тошкентга ташрифи доирасида ишбилармонлик учрашувлари, инвестициявий форум, минтақавий илмий-амалий анжуман ва қатор маданий тадбирлар ҳам режалаштирилган.
Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 447,8 миллион долларни ташкил этган, бу 2020 йилга нисбатан 114 миллион доллар (34,2 фоиз)га кўпдир.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан икки давлат ўртасида узоқ йиллар давом этган совуқ муносабатлар юмшаб кетди.
Унинг 2018 йил март ойида Тожикистонга расмий ташрифидан сўнг мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар бутунлай ўзгарди. Масалан, ўшанда тожикистонликларга қўшни давлат ҳудудига 30 кунгача визасиз киришга рухсат берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги бор 2021 йилнинг 10-11 июнь кунлари расмий ташриф билан Тожикистонга борган эди.
LiveБарчаси