IMEI-код можаросига Божхона қўмитаси ҳам аралашди
Жамият
−
03 Сентябрь 2020
7569Ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан хориждан олиб кирилган шахсий мобил қурилмалари кодини Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш вақтида уларнинг номига бошқа мобил қурилмаларини уларнинг хабарисиз расмийлаштирилганлиги кўплаб тарқалди. Бунда паспорт маълумотлари учинчи шахсларга турли хизмат ходимлари томонидан тақдим этилган бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Давлат божхона қўмитаси телефонларни чегарадан ўтказувчи масъул ташкилот сифатида мазкур хабарларга муносабат билдирди.
“Хабарларда келтирилган ҳолатлар юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан текширув тайинланди. Бу каби ҳолатларга дуч келган фуқароларимиздан Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли ишонч телефони 11-08 га мурожаат қилишингиз сўралади.
Таъкидлаш жоизки, республикамиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона назоратини амалга ошириш, контрабанданинг олдини олиш божхона органларининг асосий вазифалари бўлиб ҳисобланади”, дейилади қўмита хабарида.
Қайд этилишича, ҳолат бўйича ўтказиладиган текширув натижалари юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан қўшимча ахборот берилади.
Аввалроқ, айни IMEI-кодлар масаласида Ахборот технологиялари ва комуникациялари технологиялари вазирлиги ҳам муносабат билдириб, текширув бошланганини маълум қилганди.
LiveБарчаси