АТК вазирлиги: IMEI-код машмашаси бўйича текширув бошланди

Жамият

image

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хориждан келган фуқароларнинг янги телефони аппаратининг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишда муаммо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Уларнинг барчаси бир нарсадан шикоят қилган. Фуқаролар хориждан келган, уларнинг паспортини йиғиб олиб, ўзларини карантинга жойлаштиришган. Карантин муддати якунлангач, улар ўзига янги телефон олиб ёки ўзи билан олиб келган қурилмасини паспортига рўйхатдан ўтказиш учун ҳаракат қилганида, уларнинг паспорти билан аллақачон бошқа телефон аппарати рўйхатдан ўтказилган бўлиб чиқяпти.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Вазирлик аввало IMEI кодларини рўйхатдан ўтказишнинг ҳуқуқий асосига тўхталиб ўтган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 847-сонли “Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори ва 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сонли “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш” тўғрисидаги қарорларига асосан мобил қурилмалар IMEI кодларини рўйхатга олиш тизими жорий этилган.

Низомга асосан мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний ва юридик шахслар учун тегишли тартиб ва талаблар белгиланган. Унга асосан жисмоний шахслар учун рўйхатдан ўтказишни онлайн (веб-сайт, Ягона Интерактив Давлат Хизматлари портали), масофавий (SMS/USSD-сўровлар) ёки рўйхатдан ўтказиш пунткларига шахсан мурожаат этиш орқали амалга ошириш имкониятлари яратилган.

Жисмоний шахслар мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш учун паспорт маълумотлари, телефон рақами ва мобил қурилманинг IMEI-кодини тақдим этиши талаб қилинади. Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилинаётган мобил қурилмаларнинг  Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ ўрнатилган божсиз олиб кириш нормаларига риоя этилганини текшириш мақсадида шахснинг паспорт маълумотларига асосан фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси  Давлат чегарасини кесиб ўтгани тўғрисидаги маълумотлар текширилади. Ушбу ишларни амалга ошириш учун Тизим оператори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.

Бироқ, рўйхатдан ўтказиш масофавий бўлгани учун бир одам бошқа бир шахснинг паспортига IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари кузатиляпти.

“Рўйхатдан ўтказиш масофавий ёки онлайн тарзда амалга оширилаётганида фойдаланувчи билан шахс ўртасида контакт бўлмаслиги сабабли фуқароларнинг паспорт маълумотларини айнан шу шахснинг ўзи ёки бошқа шахс томонидан тақдим қилинаётганлигини тизим орқали аниқлаш имкони бўлмайди. Шу сабабли ҳозирда учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.

Учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларини киритган ҳолда ноқонуний равишда олиб кирилган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказилиш ҳолатларини олдини олиш ва ушбу ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган шахсларни аниқлаш мақсадида, Тизим оператори томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. 

“Бугунги кунда тергов суриштурув ишлари олиб борилмоқда. Тергов суриштирув ишлари натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади”, дея якунланган вазирлик баёноти.


Мақола муаллифи

Теглар

IMEI-код

Баҳолаганлар

248

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made