Сиз телефонингизни рўйхатдан ўтказдингизми? IMEI коди қандай расмийлаштирилади?
Бу қизиқ
−
01 Ноябрь 2019
52892Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кирилаётган ҳамда ишлаб чиқарилаётган мобил ускуналарни рўйхатдан ўтказиш тартиби тасдиқланди.
Бундан мақсад қарорда келтирилишича, мобил ускуналар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ускуналардан ноқонуний фойдаланишнинг ва сифатсиз ускуналар сотилишининг олдини олишдан иборат.
Қарорга мувофиқ, тизим оператори мобил алоқа операторидан зарур техник ахборотларни, шу жумладан, ускуна ишлаши, тармоқдаги фаоллиги, реал вақт режимида амалга оширилган операциялар ҳақидаги ахборотларни олиш учун сўров бериши мумкин.
Жорий йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистонда мобил қурилмалар IMEI кодларини автоматик равишда рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланган. Бу 3 босқичда амалга оширилади:
• 1 апрелдан 1 ноябргача — автоматик (бепул)
• 1 ноябрдан 1 декабргача — ариза орқали (бепул)
• 1 декабрдан бошлаб — ариза орқали (пуллик)
Бугунги кунда ишлатиб юрган мобил телефонингиз ёки сим-картали планшетингизнинг IMEI (Мобил қурилманинг халқаро идентификатори) кодлари алоқа операторлари томонидан UZIMEI базасига автоматик ўтказилган.
Ҳар ким IMEI коди рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганини uzimei.uz сайтидан текшириши мумкин. Қурилмангиз IMEI кодини аниқлаш учун *#06# кодини териш кифоя.
1 ноябрдан IMEI кодини автоматик рўйхатдан ўтказиш тўхтади. Эндиликда IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш SMS/USSD сўровлар, UZIMEI тизими оператори, почта бўлимлари ва бошқа усуллар орқали амалга оширилади. 1 декабргача бу бепул бўлади.
Агар телефонингиз 2 та сим-картали бўлса ва ундан фақат битта сим-карта жойлаштириб фойдаласангиз, унда иккинчи томонига ҳам сим-карта қўйиб, уни ҳам бир марта рўйхатдан ўтказиш керак. Телефонга доимий равишда 2 та сим-карта қўйиб юришга зарурат йўқ.
1 декабрдан IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш учун ҳақ олинади. Бунда нархлар рўйхатдан ўтказиш муддатига қараб 2 хил бўлади. Масалан, жисмоний шахслар учун:
• янги телефонни ишлатгандан бошлаб 30 кун ичида рўйхатдан ўтказса — 44 минг 600 сўм (20 фоиз);
• янги телефонни ишлатгандан бошлаб 30 кундан кейин рўйхатдан ўтказса — 55 минг 750 сўм (25 фоиз).
Рўйхатдан ўтказмасам нима ҳам бўларди дегувчилар диққатига, янги телефоннинг IMEI коди 30 кун ичида рўйхатга олинмаса, телефон ишламай қолади. Рўйхатдан ўтказгандан кейингина ишлашни бошлайди. Шунинг учун, телефон сотиб олаётганда унинг IMEI коди рўйхатдан ўтганини албатта текширинг.
1 ноябрдан бошлаб ишлаб чиқарувчиси номаълум ва IMEI коди ҳақиқий бўлмаган қалбаки Хитой телефонлари ишламай қолади. Уларни 1 ноябрга қадар бир марта ишлатиб, автоматик рўйхатдан ўтказса бўлади, кейин бунинг имкони бўлмайди.
LiveБарчаси