Тошкентда қалбаки пулга iPhone сотиб олингани аниқланди
3-саҳифа
−
07 Апрель 2023
6356Жорий йилнинг 27 март куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида фуқаро қалбаки пулга iPhone русумли мобил телефони сотиб олди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, 26 ёшли Н.Ш. “iPhone 12 Pro” русумли телефон аппаратини 5 миллион 900 минг сўмга сотиши ҳақида эълон беради. Тез орада ушбу эълонга нотаниш йигит қўнғироқ қилиб, телефон аппаратини сотиб олмоқчи эканлигини маълум қилади.
Н.Ш. Янгиҳаёт туманидаги 3-метро бекати олдида жойлашган автобус бекатида харидор билан учрашишга келишади. Нотаниш йигит деярли савдолашмай, келишилган пулни унга бериб, телефонни олиб кетади. Н.Ш. пулларни санаганида уларнинг бир нечтаси ҳақиқийлигига шубҳаланган ва бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББга ариза билан мурожаат қилган.
Ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида Н.Ш.дан 10 дона 200 000 сўмлик ва 5 дона 100 000 сўмлик, жами 2 500 000 сўм миқдоридаги пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Ушбу пул бирликларини аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Эксперт-криминалистика маркази мутахассислари томонидан экспертиза ўтказилган. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу пул бирликлари қалбаки эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь