Илон Маск дунёдаги илк триллионерга айланиши мумкин
Олам
−
12:52 3127 3 дақиқа
Илон Маск ўзига тегишли SpaceX компанияси акцияларининг қийматини оммавий савдога чиқариш арафасида 1,75 триллион доллар деб баҳолади ва биржадаги акциялар савдоси шу нархда амалга ошса, Маск дунёдаги биринчи триллионерга айланиши мумкин. Бу ҳақда компания АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) тақдим этган ҳужжатларда эълон қилди.
Қайд этилишича, SpaceX акцияларининг дастлабки баҳоси ҳар бир донаси учун 135 доллар қилиб белгиланган. Агар инвесторлар ушбу нархда акцияларни сотиб олса, компаниянинг умумий бозор қиймати тахминан 1,75 триллион долларга етади. Бу эса, жорий йил бошида қайд этилган 1,25 триллион долларлик баҳодан сезиларли даражада юқори.
Маълум қилинишича, компаниянинг акцияларни оммавий жойлаштириш жараёни (IPO) 12 июнь куни Nasdaq биржасида бошланиши кутилмоқда. SpaceX мазкур IPO орқали 75 миллиард доллар жалб қилишни режалаштирган. Бу эса, АҚШ фонд бозори тарихидаги энг йирик IPOлардан бири бўлиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, компаниянинг бир ҳафтадан ортиқ вақт олдин акция нархини эълон қилиши жуда кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади. Одатда компаниялар акциялар савдоси бошланишидан бир кун олдингина дастлабки нархни маълум қилади.
Агар акциялар 135 доллар ёки ундан юқори баҳода сотилса, SpaceX дунёдаги энг қиммат компаниялар қаторидан жой олади. Бу ҳолатда компаниянинг 80 фоиздан ортиқ акцияларига эгалик қилувчи Илон Маскнинг бойлиги ҳам кескин ошиб, назарий жиҳатдан уни биринчи триллионерга айлантириши мумкин.
Бироқ таҳлилчилар бундай натижа кафолатланмаганини таъкидламоқда. Dealogic маълумотларига кўра, сўнгги 30 йил ичида биржага чиққан компанияларнинг қарийб ярми IPOдан кейин ўз қийматининг бир қисмини йўқотган. Mergermarket тадқиқот маркази мутахассиси Самуэл Керр SpaceX’нинг баҳоси эса жуда юқори эканини қайд этган.
“Компаниянинг баҳоси унинг ҳозирги савдо ҳажмига нисбатан, ҳатто Alphabet, Amazon, Apple, Meta, Nvidia, Microsoft ва Tesla каби технологик гигантлардан ҳам юқори баҳоланмоқда. Бироқ инвесторлар SpaceX’ни бугунги даромадлари эмас, балки келажакдаги имкониятлари учун баҳолаган”, деган у.
Расмий маълумотларга кўра, SpaceX 2025 йилда 18,6 миллиард доллар даромад олган бўлса-да, йилни 4,9 миллиард доллар соф зарар билан якунлаган. 2026 йилнинг биринчи чорагида эса, компания 4,7 миллиард долларлик тушумга эришган, аммо 4,3 миллиард доллар зарар қайд этган.
Маълумот учун, ҳозирда SpaceX’нинг активлари 102 миллиард долларга баҳоланмоқда. Шу билан бирга компаниянинг қарзи 60,5 миллиард долларни ташкил этади. Компания фақат космик ракета ва инфратузилмалар билан чекланиб қолмай, сунъий интеллект, ижтимоий тармоқлар, сунъий йўлдош интернети ва дата-марказлар соҳасига ҳам катта сармоя киритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ SpaceX компаниясининг Starlink лойиҳаси нега Ўзбекистон ҳудудида ҳануз ишламаётгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилинган эди.
Live
Барчаси