Илон Маск 20 млрд доллардан кўпроққа тушди
Олам
−
21 Июль 2023
7491Америкалик миллиардер Илон Маск кеча, 20 июль куни Tesla акциялари нархининг тушиб кетиши оқибатида 20,3 миллиард доллар йўқотди. Бу ҳақда “Bloomberg” томонидан тақдим этилувчи дунёнинг энг бой одамлари кундалик рейтингида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Маскнинг бойлиги 20,3 миллиард долларга камайиб, ҳозирда 234,4 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Бунга Илон Маскнинг компания ўз маҳсулотлари нархини пасайтиришда давом этишга мажбурлиги ҳақидаги баёноти сабаб бўлган. Унинг баёнотидан сўнг Tesla акциялари қиймати 9,7 фоизга пасайиб кетди.
Шунга қарамай Маск ҳамон дунёнинг энг бой одами бўлиб турибди. У рейтингнинг иккинчи поғонасидаги француз миллиардери Бернар Арнодан нақд 33 миллиард долларга бойроқ.
Умуман олганда, дунё бойлари рейтингидаги 10 нафар миллардердан фақат Уоррен Баффетнинг бойлигида ўсиш кузатилган. Америкалик инвестор ва тадбиркор бойлигини 1,25 миллиард долларга кўпайтирган ҳолда дунёнинг еттинчи энг бой одами бўлиб турибди.
Маскдан ташқари рейтингнинг учинчи ўрнидаги Amazon эгаси Жефф Безос ва Meta компанияси асосчиси Марк Цукерберг энг кўп бойлик йўқотган миллиардерлар бўлган. Безос 5,32 миллиард доллар йўқотган бўлса, Цукерберг 4,70 миллиард долларидан айрилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 апрелида Илон Маскнинг Starship ракетаси синов парвози вақтида портлаб кетиши ортидан миллиардер бир кечада 13 миллиард доллар йўқотганди. Бунгача у 2022 йилнинг бошида Tesla акциялари нархининг пасайиши фонида 21 миллиард долларга “қашшоқлашганди”. Ўша йил охирига бориб эса Маск 200 миллиард доллар йўқотган илк миллиардерга айланди.
LiveБарчаси