Илҳом Алиев Лондонда яшайдиган опасини мукофотлади
Олам
−
11 Октябрь 2025 9506 2 дақиқа
Озарбайжоннинг 3-президенти, замонавий Озарбайжон меъмори сифатида талқин этилувчи Ҳайдар Алиевнинг қизи, амалдаги давлат раҳбари Илҳом Алиевнинг опаси Севил Алиева “Шараф” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Озарбайжон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Озарбайжон Республикаси Президентининг Севил Ҳайдар қизи Алиевани мукофотлаш тўғрисидаги фармони бугун, 11 октябрь куни имзоланган. Илҳом Алиев “Озарбайжон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-банди”ни ҳисобга олган ҳолда опасини Озарбайжон мусиқа санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун “Шараф” ордени билан мукофотлаган. Алиева эртага, 12 октябрь куни 70 ёшга тўлади.
Озарбайжон вице-президенти ва биринчи хоними Меҳрибон Алиева билан муносабатлари таранг экани айтиладиган Севил Алиева 2003 йилда отасининг вафотидан сўнг мамлакатни тарк этган. Озарбайжоннинг мухолиф “Озод сўз” нашрига кўра, марҳум президент Ҳайдар Алиев келини Меҳрибон Алиеванинг сиёсатга аралашувига ҳеч қачон имкон бермаган, унинг сиёсий фаолиятини исталмаган вазият сифатида баҳолаган. Бироқ келини Ҳайдар Алиевнинг ўлимидан сўнг сиёсатда фаоллашган, 2005 йилда Янги Озарбайжон партиясидан Миллий Мажлис (парламент) депутати бўлган. Бунга эътироз билдирганлар орасида Илҳом Алиевнинг опаси Севил Алиева ва амакиси Жалол Алиевлар ҳам бўлган. Баъзи манбалар Меҳрибон Алиевани 10 йилдан бери қайнопасини Озарбайжонга киритмаётганликда айблайди. Бироқ Севил Алиеванинг турмуш ўртоғи Маҳмуд Маммадқулиев 1993 йилдан бери Озарбайжон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари вазифасида ишлаб келмоқда.
Маълумот учун, Севил Алиева 1955 йил 12 октябрда Баку шаҳрида туғилган. Бир қиз ва икки ўғлининг онаси бўлган Алиева 1986 йилда мусиқий фаолиятини бошлаган ва бир қатор қўшиқларнинг, жумладан онаси – марҳум академик Зарифа Алиевага бағишланган “Она” элегиясининг муаллифидир.
%20copy%20(4)(5).jpg)
У 1971–1977 йилларда Озарбайжон Давлат Университетининг шарқшунослик факультетида араб тили бўйича ўқиган. 1977–1980 йилларда Москва шаҳридаги СССР Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг аспирантурасида таҳсил олган. 1981 йилда илмий тадқиқот ишини муваффақиятли якунлаб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Тарих фанлари номзоди.
Live
Барчаси