ИИВ “свет”сиз Ўзбекистонда тартибни сақлашга қўшимча қанча ходим жалб қилинганини очиқлади
Жамият
−
25 Январь 2022
9165Бугун, 25 январь куни Ўзбекистон бўйлаб электр энергияси таъминотида кенг кўламли узилиш бўлиши оқибатида йўлларда светофорлар ишламай қолганда ҳаракатни тартибга солиш учун Ички ишлар вазирлигининг барча шахсий таркиби жалб этилган. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
“Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотининг фавқулотда узилиши оқибатида, жамоат тартибини сақлаш, йўлларда тартибни таъминлаш, фуқаролар ва уларнинг мулкларига зиён етказилишини олдини олиш тадбирларига Ички ишлар вазирлигининг барча шахсий таркиби жалб этилган”, дейилади расмий хабарда.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда, республикада мавжуд патруллик йўналишларига қўшимча равишда 6600 дан зиёд йўналишлар ташкил этилиб, 1400 дан ортиқ махсус автотранспорт ва 12 минг нафардан ошиқ шахсий таркиб хизмат олиб бормоқда.
Вазирлик фуқаролардан хавфсизлик чоралари вақтинча кучайтирилганлигини тўғри қабул қилган ҳолда, ходимларнинг талабларига сўзсиз риоя қилишларини ва имкон қадар тунги вақтларда уйда бўлишларини сўраган.
Аввалроқ, Ички ишлар вазирлиги фуқаролардан “свет” ўчиши сабаб саросимага тушмасликни сўраб, мурожаат йўллаганди.
“Конец света”
Бугун, 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Бунинг ортидан дастлаб, Тошкент метрополитени фаолияти тўхтатилди, поездларнинг манзилга етиб бориш вақти кечиктирилди. Электрдаги узилиш сув таъминотини ҳам тўхтатиб қўйди.
Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилди. Ўзбекистонда эса барча аеропортлар фаолияти чекланди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олма-ота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Хожикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида електр таъминиоти тикланди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди.
LiveБарчаси