Прописка билан боғлиқ хабарларда журналист ва блогерлар айбдор - ИИВ
Жамият
−
13 Июнь 2019
3846Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги медиа-режасига асосан, Агентлик анжуманлар залида “Жиноятчилик профилактикаси ва унга қарши курашиш, шунингдек, прописка масалалари” юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи полковник Б.Шариксиев, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи полковник А.Исмоилов, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Қ.Бурхонов ҳамда мазкур хизматларнинг масъул ходимлари анжуманда қатнашган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларнинг саволларига жавоб қайтаришган эди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг маълум қилишича, анжуманда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги “Ички ишлар органларининг миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3126-сонли Қарорига асосан, аҳолини паспортлаштириш, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш, унга кириш ва унда бўлиш, фуқароликни қабул қилиш, йўқотиш ва фуқароликдан чиқиш каби давлат хизматларини кўрсатишнинг шаффофлигини таъминлаш ва тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ўз фаолиятида кенг қўллаш, соҳа фаолиятини самарали режалаштириш ва ташкил этишни таъминловчи механизмларини жорий этиш устувор вазифа этиб белгилангани айтилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 5 ойи мобайнида 580 минг 353 нафар фуқароларга биометрик паспортлар расмийлаштириб берилгани ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 август кунидаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5156-сон Фармонига мувофиқ жорий қилинган хорижга чиқиш биометрик паспорти 312 минг 264 нафар фуқароларга расмийлаштириб берилгани таъкидланган.
Тадбирда қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига асосан, жами 2 минг 72 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Шунингдек, Тошкент шаҳрига 16 минг 785 нафар ва Тошкент вилоятига 6 минг 411 нафар фуқаролар доимий пропискага қўйилди ҳамда мамлакатимизда вақтинчалик яшовчи 7 минг 898 нафар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни виза муддатларини узайтириш ҳақидаги аризалари кўриб чиқилиб, виза муддатлари узайтирилиб берилди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятчилик
30,4 фоизга камайишига эришилгани алоҳида қайд этилган.
"Бироқ, баъзи электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзлари берган саволларга қайтарилган жавобларни нотўғри талқин қилиб, ижтимоий тармоқлардаги ўз манбаларида тарқатганлар. Баъзи бир электрон оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу нотўғри талқин қилинган жавобларни кўчириб, ўз манбаларида эълон қилганлар. Бу эса ўз навбатида манбадан фойдаланувчиларни чалғитишга, қонунчиликни нотўғри тушунишга олиб келади.
Бир қанча мисоллар келтирамиз. Мулоқотда иштирок этган журналистлардан бирининг “Маълумки, Тошкент шаҳрида прописка тартибини бузган вилоятликлар жаримага тортилади. Худди шу қоида бошқа вилоятларга борган Тошкентликлар учун ҳам қўлланиладими?” деган саволига, Б.Шариксиев томонидан қайтарилган жавоб нотўғри талқин қилинган.
Жавобда, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш алоҳида тартиб асосида амалга оширилиши, бошқа вилоятларда доимий прописка қилишда муаммолар йўқлиги назарда тутилган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида, (Паспорт тизими қоидаларини бузиш) паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, деб қайд этилган.
Кодекснинг ушбу моддаси, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига шу жумладан, Тошкент шаҳрида доимий пропискада турган фуқароларга тегишли бўлиб, улар ҳам паспорт тизими қоидаларига амал қилишга мажбурдирлар.
Яна бир мисол. Қайси объектларда фото ва видео тасвирларга олиш тақиқланиши сўралганда, Қ.Бурхонов томонидан “Фото, видео тасвирга олиш тақиқланади” белгилари қўйилган объектлардагина тақиқланиши айтилган жавоб ҳам ўзгача талқин қилинган. Жумладан, https://t.me/no_ext ҳаволаси билан жойлаштирилган материал эгаси берилган жавобни ўзи ёзиб, унинг моҳиятини тушунмаган кўринади. Жавоб: “Есть объекты, где съёмки запрещены. К примеру, вокзалы и аэропорты. Эти объекты оснащены специальными знаками…”. Вокзал ва аэропортлар мисол тариқасида қайд этилганини ўзи ёзган бўлишига қарамасдан, эълон қилган материалида жавобни тўғри тушунмаганини ҳақоратомуз сўзлар билан талқин қилган.
Шунингдек, “Gazeta.uz” сайти мухбири ҳам Ички ишлар вазирлиги ваколатига кирмайдиган савол билан мурожаат қилган ва ўз манбасига “В МВД не смогли объяснить дискриминацию граждан по прописке” деб, талқин қилган.
Матбуот анжуманида иштирок этиб, саволлар бераётган ОАВ вакилларига қарата шуни айтиш лозимки, савол беришдан олдин матбуот анжумани мавзуси билан танишиб, саволларни мавзу доирасида берсалар. Чунки, ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари кўп тармоқли бўлганлиги сабабли, матбуот анжуманига мавзуга оид тегишли мутахассислар таклиф этилади. Агар ОАВ вакиллари берган саволларига олган жавобларини тушунмасалар, ўзларича шарҳламасликлари керак. Уларнинг ўз тушунчаларида талқин қилган хабарлари манба фойдаланувчиларини чалғитишга олиб келади. Шунингдек, матбуот анжуманида иштирок этган айрим оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар атрофдагиларни ҳурмат қилган ҳолда оддий одоб-аҳлоқ нормаларига (беҳурматлик билан сақич чайнаш, бошқаларга нисбатан ҳурматсизлик билан ўтириш...) риоя қилсалар, ўзларининг юксак маданият соҳиби эканликларини намоён қилган бўладилар. Албатта, ҳар бир ўзказилаётган тадбирлар барча учун фойдали бўлиши ва халқимиз манфаати учун хизмат қилиши зарур. Баъзи бир ОАВларининг нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатларини ўйлаб, бошқалар шаънини ерга уриб тарқатган мантиқсиз хабарлари гўёки уларнинг фойдаланувчилари сонини ортириб, обрўларини ошиб юборади.
Ўйлаймизки, тегишли журналист ва блогерлар ўзларига тўғри хулоса чиқарадилар", дейилади ИИВ баёнотида.
LiveБарчаси
Афруза Ҳамдамова 2 карра жаҳон чемпиони.
09 Ноябрь