ИИБ ҳибсхонасидан ёш йигитнинг ўлиги чиққани расман тасдиқланди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов ҳибсхонасида 22 ёшдаги йигит ўлгани ҳақида хабар берган эдик. Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати буни расман тасдиқлади.

Билдирилишича, 2001 йилда туғилган фуқаро A.Ў. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган.

Тергов давомида, A.Ў. олдин ҳам ЖКнинг 164-моддаси 2 қисми “а” банди (босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан судланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

“Жорий йилнинг 1 декабрь куни соат тунги 02:30 ларда жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган A.Ў. камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган”, дейилади ИИББ хабарида.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз берган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ QALAMPIR.UZ манбаси йигит ўзини осгани бўлса-да, унинг бурни сингани ва танасида жароҳатлар борлиги аниқланганини маълум қилганди. Шундан сўнг йигитнинг ота-онаси ўғлининг жасадини кўмишга рухсат бермаган ва экспертиза ўтказилишини талаб қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

суицид Чирчиқ ИИБ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг