“Ичкарида синмаган” жангчи. “Осиё йўлбарси” билан суҳбат
Интервью
−
03 Август 2023
1033577 килограмм вазн тоифасида аралаш яккакураш жангларини олиб борувчи ўзбекистонлик спортчи Шоҳасан Мирзаматов 10 ёшидан карате билан шуғиллана бошлаган ва бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлган. Услубидаги жанговарлик, каратеда тақиқланган зарбалар ва бошқа шу каби чекловлар сабаб фаолиятини жанговар самбо спорт турига ўзгартирган андижонлик бу спортчи айни пайтда ММА билан профессионал тарзда шуғулланмоқда.
Ҳозиргача спортчи 12 та жангда октагонга кўтарилган бўлса, уларнинг 10 тасида рақибларини мағлубиятга учратган. Жангларининг асосий қисмини тик оёқда ўтказадиган спортчи нокаутчилик хусусияти билан ҳам ММА мухлисларида катта қизиқиш уйғота олган. Жумладан, Мирзаматов сўнгги жангида ҳам рақибини биринчи раунднинг ўзида чуқур нокаутга учратиб, ғалабага эришганди. Жорий йилнинг 22 июль куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида жойлашган “Балуан-Шолак” аренасида эронлик Акбар Азади-Фарга қарши бўлиб ўтган мазкур жангдаги тезкор ғалаба ўзбекистонлик ММА’чига ташкилотчи промоушеннинг махсус бонусини ҳам тақдим қилди.
Хўш, барчанинг кўзига кучли, енгилмас кўринган бу спортчи аслида ким? Спортдаги фаолияти ва натижалари каби унинг шахсий ҳаёти ҳам муваффаққиятларга тўлами?
QALAMPIR.UZ айни пайтда ММА юлдузи бўлиб турган Шоҳасан Мирзаматовдан октогондан ташқаридаги ҳаётига қизиқди ва унинг бошидан кечирганлари хусусида интервью олди.
Мирзаматов 2015 йилда яқин таниши билан юзага келган тушунмовчилик оқибатида у билан жанжаллашиб, унга пичоқ билан жароҳат етказган. Шундан сўнг жабрланувчи воқеа жойида вафот этган. Бундан ташқари, спортчи яна бир нечта фуқарога жароҳат етказганлик айби билан қамоққа олинган.
Жазо муддатини ўтаб, озодликка чиққан ва спортдаги фаолиятини давом эттиришга бел боғлаган Мирзаматов ўтмишдаги воқеалардан чуқур афсусда эканини айтиб, бу унга унутилмас сабоқ берганини қўшимча қилди.
“Аввало, ҳеч кимга бундай тақдирни раво кўрмайман, у ерда ҳаммаси жуда қийин, энг аввало соғинчингизни ўзи сизни еб битиради. Ҳамма нарса бўлиши мумкин, 3 ой кутишнинг ўзи ҳам сизни адойи тамом қилади, сиз оилалимисиз ёки йўқ барибир ака-опангизни, ота-онангизни кўришни истайсиз. Шуларни ўзи сизни майли жисмонан эмас балки руҳан ҳам эзиб қўяди. Одам бу вазиятда чиндан синиб қолмасликка ҳаракат қилиши керак бўлади. Оилам ва яқинларим учун ҳаракат қилдим, хаёлим фақат тезроқ чиқиш ҳамда спортдаги фаолиятимни қайта йўлга қўйишда бўлган ва шундай қилдим ҳам. Ҳозир ҳаммаси яхши, из-изига тушиб кетган. Энди фақат олдимга қўйган мақсадлар томон ҳаракат қилмоқдаман”, дейди Шоҳасан Мирзаматов.
Шунингдек, у қийинчилик дамларида фақат ўзи эмас, ёнидаги яқинлари ҳам синалганини айтиб, оғир вазиятда унинг олдида оиласидан бошқаси қолмаганини билдирди.
“Синовли кунлар келганда атрофингиздагиларни ўзгариб қолганини сезасиз. Тўғри, ҳеч ким қаршингизга чиқиб, мен сендан юз ўгирдим, энди менга керак эмассан, деб айтмайди. Бироқ уларнинг сизга бўлган муносабатидан ҳаммаси сезилиб қолади. Одам кўчадаги яқинлари, ака-ука бўлиб кетган яқинларидан ҳеч бўлмаса бир марта хабар олишини кутар экан. Аммо фақат оила аъзоларим келарди, фалончи бориб турибдими, хабар оляптими, деб сўрасам, “йўқ”! Ўша воқеадан сўнг ишонганларим шунчаки йўқ бўлиб қолишган. Тушундимки, бошингизга бундай мусибат тушганидан сўнг ёнингизда фақат оилангиз қолади. Ҳатто ҳозир ёнимда бўлиб турганларга ҳам аввалгидек ишониб қолмаганман ва мен улардан ҳеч нарса кутмайман, чунки биламан менга нимадир бўлса, улар ҳам худди шундай қилади”, дейди спортчи.
ММА устаси QALAMPIR.UZ билан бўлган суҳбатда яқин келажакда дунёнинг энг номдор промоушени ҳисобланган UFC ташкилоти билан шартнома имзолаш истагида эканини ҳам яшириб ўтирмади. У бу йўлдаги ҳаракатлар аллақачон бошлаб юборилгани, ҳатто заҳира жангчи сифатида турнир жадвалига киритилишга ҳам яқин турганини маълум қилди. Мирзаматовнинг менежерлари UFC президентининг яна бир бошқа ММА ташкилоти ҳисобланган Dana White's Contender Series билан жанг жанг шартномасини тузиш борасидаги ишлари жадал тарзда амалга оширилаётганини ҳам қўшимча қилди.
Спортчи билан суҳбатнинг тўлиқ видеосини QALAMPIR.UZ’нинг Youtube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси