ИҲЕСнинг сиёсийлашган қарорлари Россия учун номақбулдир – Путин
Олам
−
14 Февраль 2023
7823Россия Президенти Владимир Путин Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) қарорларини амалга оширишни тўхтатганини айтиб, улар сиёсийлашган, нохолис ва бу қабул қилиб бўлмаслигини билдирди.
Бугун, 14 февраль куни ҳакамлик ва ҳарбий судлар, шунингдек, умумий юрисдикция судлари судьяларининг йиғилишида давлат раҳбари ўтган йилнинг март ойида Россия Европа Кенгашидан, сентябрда эса Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди юрисдикциясидан чиққанини эслатди. Унинг таъкидлашича, бундай қадамнинг сабаблари аниқ.
“Ушбу суднинг баъзи ҳукмлари очиқдан-очиқ сиёсийлаштирилди”, деб тушунтирди Путин.
У бу каби сиёсийлашув узоқ вақтдан бери мавжуд бўлганини, аммо сўнгги пайтларда бу шунчаки қабул қилиб бўлмайдиган ҳолга келганини қўшимча қилди.
“Ғаразлилик, тарафкашлик, улар қанчалик асосли бўлмасин, ҳар қандай ҳолатда ҳам суд тизими учун мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, дейди Президент.
Унинг улоҳида урғулашича, қабул қилинган федерал қонунларга кўра, 2022 йил 15 мартдан кейин кучга кирган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорлари Россияда амал қилмайди.
“Бундан ташқари, бизнинг процессуал қонунчилигимизга Россия судлари томонидан қабул қилинган суд ҳужжатларини Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорлари асосида қайта кўриб чиқиш бўйича ўзгартиришлар киритилди”, дейди Путин.
У процессуал кодекслардан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг қарорлари қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги ёки янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш учун асос бўлиши тўғрисидаги қоидалар чиқариб ташланганлигига эътибор қаратди.
Путин мамлакатнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди юрисдикциясидан чиқиши оқибатлари ҳақида ўйлаган бўлса-да, Россия судларининг фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қила олишига ишончи комил эканини айтди. Давлат раҳбари Россияда мунозара бошланганини, тўғридан-тўғри савол қўйилганини – “Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судидан чиқиш мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш даражасининг пасайишига олиб келадими?”, деган савол кун тартибига чиққанини эслатди.
LiveБарчаси