HRW Ўзбекистонни нашид эшитгани учун қамалган йигит иши бўйича адолатни таъминлашга чақирди
Олам
−
15 Июнь 2023
13397Халқаро Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) Ўзбекистонни нашид эшитгани учун қамалган талаба иши юзасидан адолатли апелляция жараёнини таъминлашга чақирди. Бу ҳақда ташкилот расмий саҳифасидаги ҳисоботда маълум қилинган.
Қайд этилишича, ташкилот 20 ёшли талаба Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан нашид эшитгани учун қўлланган 3 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини унинг диний ва эътиқод эркинлигининг бузилиши деб баҳолаган. HRW ҳисоботида Ўзбекистонда “экстремистик” деб топилган контентни тарқатгани учун судга тортилаётган одамлар сони ортиб бораётгани алоҳида урғуланган.
“Улуғмуродов ва бошқаларни “экстремистик” деб аталган материалларни улар томонидан зўравонликни қўзғатиш учун ишлатилгани ёки ишлатмоқчи бўлганликлари ҳақида ҳеч қандай далил бўлмасдан қамоққа олиш қўпол қоидабузарликдир. Ҳокимият Улуғмуродовнинг сўз ва эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиши ва бу ҳукмларни бекор қилиш чораларини кўриши керак”, дейди HRW'нинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Миҳра Риттманн.
Шунингдек, мақолада сўнгги пайтларда бундай ҳолатлар мамлакат бўйлаб кўп учрагани, жумладан, Тошкент, Наманган ва Андижонда содир бўлган Улуғмуродов ишига ўхшаш яна 7 та ҳолат HRW'нинг май ойидаги ҳисоботида эълон қилингани ёзилади. Жумладан, жорий йилнинг 22 май куни Жиззах шаҳар суди 19 ёшли йигитни худди шундай айблов билан уч йилга озодликдан чеклаш жазосига тортгани келтирилади. Бунда айбланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жазо қўлланиши ва кўп ҳолларда диний контентнинг зўравонлик содир этиш ёки бунга ундаш учун фойдалангани бўйича ҳеч қандай далиллар бўлмаслиги урғуланади.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, БМТнинг терроризмга қарши курашиш бўйича махсус маърузачиси “Ўзбекистон қонунчилигида зўравон ва зўравонликсиз экстремизм ўртасида фарқ йўқлиги” ҳамда “эктремизм айбловлари одамларга фақат ўзларининг тинч диний фаолияти ёки унинг ифодаси учун қўлланилиши”дан хавотир билдирган. БМТнинг бешта махсус маърузачиси Президент Шавкат Мирзиёевга 2021 йилнинг 29 июлида юборган хабарномасида Ўзбекистонда ўша пайтда қабул қилинган дин тўғрисида янги қонундаги “ҳуқуқларни бузувчи қоидалар”дан хавотир билдириб, ҳукуматни “экстремизм ва терроризмнинг асосий ҳуқуқий маъноларига мос келадиган таърифини сақлаб қолиш”га чақирган.
“Ўзбекистон ҳукумати мусулмонларнинг ўз диний қарашларини тинч йўл билан тутиши ва ифода этишини таъминлаши керак, жумладан, диний материалларни сақлаш ва уларни баҳам кўриш орқали, ҳатто расмийлар материаллар номақбул деб ҳисобласа ҳам. Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари, жумладан, Европа Иттифоқи ва АҚШ Ўзбекистон ҳукуматини экстремизмнинг ҳаддан ташқари кенг ёки ноаниқ таърифларини чиқариб ташлашга ва Улуғмуродов каби мусулмонлар зўравонлик ҳаракатларини қўзғатиш ёки содир этиш учун бундай материалдан фойдаланиш ёки фойдаланиш ниятини назарда тутмайдиган экстремистик материалларни улашгани ёки сақлагани учун ҳукм қилинган ишларни қайта кўриб чиқишга ундаши керак”, дейилади HRW ҳисоботида.
Миҳра Риттманнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати зўравонлик, экстремизмга қарши курашишга тўлиқ ҳақли, аммо буни самарали амалга ошириш учун ҳозирда Ўзбекистон қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган экстремизм билан боғлиқ қоидаларни қисқартириши керак.
“Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари мусулмонлар ва бошқалар ўз эътиқодларини тинч йўл билан амалга оширганликлари учун қамоққа ташланмасликлари мақсадида қонунларни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқлаштириш учун ҳукумат билан ҳамкорлик қилиши керак”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, 14 июнь куни Улуғмуродовнинг апелляция суди 2023 йил 21 июнь куни соат 15:00 га қолдирилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15