ДавАктив минг кв. м.гача бино-иншоотларни бериш ваколатини ҳокимларга “тортиқ” қилмоқчи

Жамият 3439
image

Бугун, 10 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги биносида тадбиркорлар ва агентлик вакиллари ўртасида йиғилиш ўтказилди. 

Тадбир агентлик директор ўринбосари Тўлқин Набиев, юридик бошқарма раҳбари Улуғбек Газиев, республиканинг турли ҳудудларидан 50 га яқин тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Йиғилишда тадбиркорларнинг мулкчилик, хусусийлаштириш соҳасидаги муаммолари масаласига урғу берилди.

“Тадбиркорлар ҳозир катта кучга айланган. Улар иқтисодиётимизнинг асосини ташкил қилади. Ҳаммамизнинг мулкимиз дахлсиздир. Мулкдорларни давлат мулкини ҳусусийлаштирган ва янгидан ўзи ташкил қилганларга бўлиш мумкин. Хусусийлаштирилган корхоналарни икки турга ажратиш мумкин. Президент қарор ва фармонлари доирасида дастурлар билан ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарорлари билан берилиши мумкин. 2 минг кв м.гача бино-иншоотларни вилоят ҳокимлари бериши мумкин. 5 минг кв м.гача бино-иншоотларни хусусийлаштириш вилоят халқ депутатларининг ваколатидадир. Шу кеча-кундузда тажриба тариқасида туман, шаҳар ҳокимлари ҳам 1 минг кв м.гача бино-иншоотларни бериш ваколати  масаласи бўйича таклифлар ишлаб чиқиляпти. Бу ҳам бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш учун қадам дейиш мумкин. 

Конституциямизнинг 53-моддасидаги хусусий мулк дахлсизлиги Президент қарорларида ҳам мустаҳкамланди. Мазкур тартибни бузган мансабдорларга жавобгарлик назарда тутилди. Шу сабабли, хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш тартибига мутлақо чек қўйилди.

Биз хусусийлаштиришда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклашда ҳамма саъй-ҳаракатларни қиламиз. Бу ишни ОАВ ва блогерларсиз бажариш иложсиз. Биз улардан миннатдормиз. Бизларни танқид қилиб, камчиликларни кўрсатиб беряпсизлар. Буни танқид эмас, биз учун дастуруламал бўлиши керак. Чунки биз кўрмаган хато ва камчиликларни улар кўрсатишяпти”, дейди агентлик директор ўринбосари Тўлқин Набиев. 
 

Баҳодир Aҳмедов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×