Бангладешда полиция 50 дан ортиқ намойишчини отиб ўлдирди
Олам
−
20 Июль
6965Бангладешда талабалар томонидан уюштирилган оммавий норозилик чоғида камида 105 киши ҳалок бўлган, уларнинг ярмидан кўпи полиция томонидан отиб ташланган. Бу ҳақда Ғарб ахборот агентликлари хабар берди.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, 700 дан ортиқ одам, жумладан, 100 полициячи ва 30 журналист яраланган.
AP мухбири хавфсизлик кучларининг оломонга милтиқ отганини, шовқинли гранаталар улоқтирганини ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатаётганини кўрганини айтмоқда.
“Шундан сўнг кўчалар қонга тўлиб, ўқларга тўлиб кетди”, деди журналист.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Бангладешда содир бўлаётган воқеаларни “даҳшатга солувчи ва қабул қилиб бўлмас” деб атади. У зудлик билан тергов ўтказилиши ва айбдорлар жазоланишини талаб қилди.
Бангладеш полициясининг айтишича, намойишчилар Нарсингди туманидаги қамоқхонани эгаллаб, бир неча юз маҳбусни озод қилган, кейин эса уни ёқиб юборишган. Бундан ташқари, намойишчилар кўплаб полиция ва ҳукумат биноларини, шунингдек, телекомпаниялар офисларини вайрон қилган ва ёқиб юборган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дакка, Нараянганж ва Читагонг шаҳарларида ҳукуматга қарши норозилик намойишларида камида 19 киши ҳалок бўлганди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси