Гутерриш БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилишга чақирди
Олам
−
17 Сентябрь 2431 2 дақиқа
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш кеча, 16 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеяси арафасида ўтказилган матбуот анжуманида Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилишга чақирди. Анжуман БМТнинг расмий YouTube каналида, жонли эфирда намойиш қилинди.
Унинг айтишича, Хавфсизлик Кенгашининг таркиби бугунги замонавий дунёга мос келмайди.
“Менимча, аввало, Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш тўла асосли. Кенгаш таркиби замонавий дунёга эмас, балки 1945 йилги дунёга мос келади. Бу нафақат қонунийлик, балки самарадорлик муаммосини ҳам юзага келтиради”, дейди Гутерриш.
У, шунингдек, вето ҳуқуқига ҳам тўхталиб ўтди.
“Бошқа томондан бизда вето ҳуқуқи бор. Франция ва Буюк Британия томонидан бу ҳуқуқни чеклаш бўйича киритилган таклифлар мавжуд, айниқса, инсон ҳуқуқлари оммавий равишда бузилган ёки ўта фожиали вазиятларда. Мен бу таклифни маъқуллайман”, дейди БМТ раҳбари.
Гутерришнинг айтишича, Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш масаласи билан жиддий шуғулланиш аъзо давлатларнинг зиммасида.
“Бир нарсани аниқ айта оламан: мен Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш зарурлигини доимий равишда таъкидлаётган биринчи бош котибман. Ҳақиқат шуки, авваллари мутлақо тақиқланган дея ҳисобланган бу масала энди Бош ассамблея муҳокамаcининг марказида турибди”, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш, унда кўпроқ давлатларга вакиллик бериш зарурлигини айтган эди. Унинг фикрича, бутун дунё учун муҳим қарорлар фақат бир нечта давлат томонидан қабул қилинмаслиги керак.
Live
Барчаси