Тўқаев БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилишга чақирди
Олам
−
29 Май 2730 2 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш, унда кўпроқ давлатларга вакиллик бериш зарурлигини айтди. Унинг фикрича, бутун дунё учун муҳим қарорлар фақат бир нечта давлат томонидан қабул қилинмаслиги керак. Бу ҳақда у бугун, 29 май куни “Астана” халқаро форумида сўз очди.
“Миллиардлаб инсонлар ҳаётига таъсир қилувчи танқидий қарорлар фақат бир нечта мамлакат томонидан қабул қилинмаслиги керак. Шунинг учун Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилишини, хусусан, минтақавий вакилликни кенгайтиришни қўллаб-қувватлайди. Кенгашнинг таркибий ислоҳоти БМТнинг долзарблигини сақлаб қолиш ва у ҳақиқий дунёни акс эттириши учун зарурдир”, дейди Тўқаев.
У, шунингдек, бу йил БМТ ташкил топганига 80 йил тўлишини эслатган.
“1945 йилда вайронкор Жаҳон урушидан сўнг 51 давлат томонидан асос солинган БМТ тинч ва хавфсиз дунё сари жасур қарашни таклиф қилди. Бугунги кунда ташкилотга 193 давлат аъзо бўлган, бу эса янада хилма-хил, мураккаб ва ўзаро боғланган глобал ҳамжамиятни ташкил этади. Аммо БМТнинг асосий тузилмалари, айниқса Хавфсизлик Кенгаши, деярли ўзгаришсиз қолган”, дейди Қозоғистон Президенти.
Тўқаевнинг фикрича, 80 йил олдин шаклланган институтсион тузилма билан замонавий ҳақиқатлар ўртасидаги тафовут БМТга бўлган ишонч ва унинг самарадорлигини сусайтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Reuters” БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган олти саҳифалик махфий меморандумга таяниб, БМТ тубдан қайта қуриш, асосий бўлинмаларни бирлаштириш ва ресурсларни қайта тақсимлаш масалаларини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси